Нурафшон — пойтахт билан рақобатлашадиган шаҳар бўлади

14:30 11 Март 2021 Иқтисодиёт
2593 0

Бир вақтлар Ўрта Чирчиқ тумани маркази саналган Тўйтепа шаҳарчасида одамлар пастқам ва кўримсиз хонадонларда истиқомат қилишарди. Аҳоли йиллар давомида ичимлик суви, газ ва электр энергияси таъминотидаги муаммолардан қийналиб келди. Вилоятнинг маъмурий маркази бу ерга кўчирилгач, Тўйтепа — Нурафшон шаҳрига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг «Республика бўйсунувидаги шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида бугун ҳудудда улкан бунёдкорлик ишлари амалга ошириляпти. Бунда «ТошкентбошпланЛИТИ» ДУК томонидан ишлаб чиқилган Нурафшон шаҳарининг Бош режаси муҳим ўрин тутмоқда.

Мазкур режага кўра, 2035 йилгача 3248,2 гектар умумий ер майдонига эга бўлган, серфайз шаҳар қад ростлайди. Умумий узунлиги 10,5 км., кенглиги 42 метрни ташкил этувчи, халқаро талаблар даражасидаги равон ва кўркам Тошкент йўли бунёд этилаётир.

Ушбу кўчанинг фойдаланишга топширилган қисмида, бир пайтлар тўкилай, деб турган пахса деворли пастқам ҳовлилар ва ўнқир-чўнқир лой кўчалардан иборат маҳаллалар бўларди. Бугун улар ўрнида юздан ошиқ кўп қаватли кўркам тураржой бинолари, аҳолига тезкор ва намунали хизмат кўрсатувчи банк муассасалари ҳамда ижтимоий-маъмурий бинолар қад ростлаётганини кўриб кўз қувонади.

Янги хонадонларга тоза ичимлик суви қувурлари тортилиб, оқова сув тармоқлари ўрнатилди. Кўчалар ёритиш устунлари ва олтита электр тақсимлаш пункти билан таъминланди. Қисқаси, Нурафшон ўз номига мос янги типдаги шаҳарга айланмоқда.

Бунёдкорликнинг сўнгги ютуқлари мужассам

...Тошкент йўли орқали шаҳарга кириб келаркансиз, кўчанинг икки юзида қад ростлаётган осмонўпар бинолар шодаси сизни қаршилайди. Уларни қуришда шаҳарсозликнинг сўнгги ютуқларига таянилганлиги яққол кўзга ташланади.

Айрим тураржойлар лойиҳаси билан танишарканмиз, бинонинг тепа қаватида ушбу муассаса ходимларининг ўзлари ҳам шинам хонадонда яшашлари учун шароитлар яратилиши кўзда тутилганига гувоҳ бўлдик. Буларнинг барчаси мамлакатимиз раҳбарияти томонидан аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга берилаётган жиддий эътибори натижасидир.

Биргина мисол, Президентимизнинг тегишли Фармони доирасида «Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Ўзшаҳаринвест» ИК томонидан 9 та 16 қаватли тураржой биноси барпо этилмоқда.

Тошкент йўли кўчасига туташиб кетган «Қумариқ» маҳалласини айланарканмиз, кишилар билан суҳбатлашиб, улар кайфиятида шаҳардаги бунёдкорликлардан ўзгача мамнунликни ҳис этдик.

—Қад ростлаётган катта шаҳарнинг шамоли кўчаларимизга ободончилик, турмушимизга фаровонлик олиб кирди,-дейди маҳалла оқсоқоли, халқ депутатлари Нурафшон шаҳар кенгаши депутати Комилжон Маражабов. — Хонадонлар табиий газ ва ичимлик суви билан таъминланди. Асосийси, шом тушиши билан мавжуд 365 хонадондаги электр чироқлари учмайдиган бўлди. Қишда лой, ёзда тупроқ кечиладиган кўчалар асфальтланиб, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Замонавий мактаблар ва боғчалар қурилмоқда.

Очиғи, кейинги уч йил ичида қад ростлаган осмонўпар бинолар аҳолимизнинг тушига ҳам кирмаганди. Бу уйлардаги шинам хонадонларни айтмайсизми, кўриб ҳам қувонасиз, ҳам ҳавас қиласиз.

Шаҳардаги барча бунёдкорликларда маҳаллийлаштириш Дастури ижросининг таъминланаётгани ҳам айни ҳақиқат. Ахир бир пайтлар, металлни қўйиб туринг, оддий ғиштни ҳам четдан келтирардик-ку! Янги шаҳар импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлардан қад ростламоқда. Иншоотлар қурилишида Оҳангаронда экспорт учун ишлаб чиқарилаётган газаблок ғиштлар, арматуралар, Ангрен кичик саноат зонасидан келтирилаётган чинни кошинлар, декоратив бўёқ ва қопламалардан самарали фойдаланилаётгани кишини фахрлантиради.

BRT” тизимидаги алоҳида махсус қатновли йўл

Вилоятда одамлар оғирини енгил қилиш, хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, йўловчи транспортидан фойдаланишда аҳолига қулайликлар яратиш борасидаги вазифалар талайгина.

Вилоят маъмурий марказини Тошкент шаҳри билан боғловчи, ҳозирда кунига 38 мингта транспорт воситалари қатнаётган 24,4 километр узунликдаги Нурафшон — Қўйлиқ автомобиль йўлини замонавий услубда қайта қуриш борасида Туркиянинг таниқли “Kalion Ulastirma” муҳандислик компанияси жўяли фикрларни илгари сурмоқда.

Чунки вилоят, айнан, Нурафшон ва Бекобод шаҳарлари ҳамда Бўка, Пискент, Ўрта Чирчиқ туманлари аҳолисини мамлакатимиз пойтахтига келиб- кетишларини таъминловчи бу йўл алоҳида аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради. Бироқ яқин йилларда, Тошкентдан чиқиш билан бошланадиган тирбандлик муаммоси юзага келиши мумкин. Масаланинг ана шу жиҳатлари бу жойда замонавий коммуникацияларга эга бўлган қатнов трассасига эҳтиёж борлигини кўрсатмоқда.

Туркиялик ҳамкорлар илгари сураётган ушбу лойиҳага кўра, Нурафшон шаҳрида халқаро талаблар даражасидаги замонавий автостанция бунёд этилади. Хусусан, Қўйлиқдан Нурафшонга келгунича йўл бўйлаб бешта бекат қурилади. Уларнинг ҳар бири ўз архитектура дизайни, йўловчиларга кўрсатилажак хизмати билан алоҳида аҳамият касб этади. Ушбу замонавий трассанинг ўрта қатнов қисмида эса жамоат транспортлари ҳамда тезкор автобуслар учун (BRT тизимли) алоҳида махсус йўлаклар жойлашади.

“Smart city” концепцияси

Нурафшонда барпо этилаётган «Ақлли шаҳар» (“Smart City”) ҳақида сўз кетганда, бу ҳақда вилоятнинг катта-кичиги фахр ва ифтихор билан сўзлайди. Боиси яқин келажакда вилоятнинг маъмурий маркази бутунлай бошқача қиёфага киради. Европада, жумладан, Италия, Россия, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Хитойда тажрибадан ўтган «Ақлли шаҳар» лойиҳаси мазкур ҳудудда татбиқ этилмоқда.

Илгари сурилаётган “Smart City” концепцияси моҳиятига кўра бетакрордир. 246 гектар ҳудудни эгалловчи бу мўъжизавий шаҳар бағрида тунги ёритгичлар билан таъминланган кенг ва равон кўчалар, эртаю кеч одамлар хизматидаги фавворалар отилиб турган хиёбонлар, бетакрор, бири-биридан гўзал, баланд қаватли тураржой ва маиший-маъмурий бинолар, савдо шохобчалари каби юзлаб мажмуалар қад ростлайди. Нурафшоннинг яқин келажакдаги мафтункор манзараси мана шундай инновацион ечимга эга бўлади.

— Нурафшон шаҳрини қуриш Бош режасига кўра, “Smart City” лойиҳаси асосида бунёд этиладиган янги шаҳарда 200 га яқин ижтимоий-маъмурий бинолар қурилади,-дейди шаҳари бош меъмори Хайрулла Хўжамқулов. — Булар орасида вилоят ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси, Давлат хизматлари агентлиги, инновация ва туризмни ривожлантириш бошқармалари, замонавий санъат галереяси, кутубхона, Медиа марказ (вилоят телевидениеси), анжуманлар саройи (конгресс-холл), пансионатлар, истироҳат боғи, дендропарк, планетарий, технопарк, аквапарк, театр, «Нурафшон» университети, ёшларни иқтисодиёт ва техника йўналишидаги мутахассисликка тайёрловчи олий ўқув юртлари, халқаро ихтисослаштирилган мактаб, 5 та 3 минг 600 ўқув ўринли умумтаълим мактаби, 1 минг 160 ўринга мўлжалланган 8 та МТМ, Президент мактаби, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги бўлими, минг ўринли замонавий масжид биноси, ёпиқ сув ҳавзаси, бадиий гимнастика, теннис, кураш, қиличбозлик каби йўналишларни ўзида жамлаган спорт мажмуаси, муз саройи, стадион каби иншоотлар қад ростлайди.

Шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Усмоновнинг бу борадаги фикрлари қуйидагича:

— Нурафшон шаҳрининг Тошкент йўли кўчаси ва “Smart City” ҳудудига муҳандислик-коммуникация тармоқларини тортиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Ўртасарой» газ тақсимлаш станциясини шаҳардан узоқроқ ҳудудга кўчиришга киришилди. «Наврўз» ва «Эвалак» маҳалласида 2 та вертикал насос станцияси қурилди. «Қумариқ», «Деҳқонобод», «Оппоқ» маҳаллаларидаги мавжуд насос станциялари таъмирланиб, 25 км масофага ичимлик суви қувурлари ётқизилди. Шаҳар электр таъминоти тизимида ҳам муайян ишлар қилинди. Электр узатиш тармоқлари мукаммал ва жорий таъмирланди.

Тошкент йўли кўчасида жами 801 та турар ва нотурар жой биносини бузиш режалаштирилган. Бугунгача бу борада қилинган ишлар юзасидан аҳолига маҳаллий бюджетдан ажратилган 24,5 млрд. сўм миқдоридаги товон пуллари тўлиқ тўлаб берилди. Бу борадаги режага кўра, Тошкент йўли кўчасида яна 588 та турли хил иншоот бузилиши лозим. Дастлабки ҳисоб-китоблар бу ишларни амалга ошириш учун 280 млрд. сўм маблағ талаб этилишини кўрсатмоқда.

Тошкент йўли кўчаси шаҳар марказига кириб борувчи йўл бўлганлигидан транспорт қатновида тирбандлик юзага келиши мумкин эмас. Шу боис бу борадаги лойиҳа ўзининг келажакдаги истиқболи билан ҳам ажралиб туради.

Сув келтирган элда азиз

Шаҳар мутасаддилари тақдим этган маълумотга кўра, бугунги кунда Нурафшонда жами 50 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларни ичимлик суви билан таъминлаш миқдори 32оқова сув хизмати кўрсатиш даражаси эса 5 фоизни ташкил этмоқда.

Айнан шу маълумотномада давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 1-3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида жами 300 млрд. сўм қўшимча ажратилган маблағ ҳисобига вилоятнинг оғир ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова тармоқларини яхшилаш юзасидан кўрсатмалар берилганлиги қайд этилган.

Ташрифда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан манзилли дастур доирасида Нурафшон шаҳри аҳолиси учун 50,35 км. узунликдаги ичимлик сув тармоғини барпо этиш аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасидаги энг катта ва савобли ишлардан биридир. Шунингдек, 30,7 км. масофага оқова сув тармоғини тортиш ҳамда 4000 метр куб ҳажмдаги оқова сув тозалаш иншоотини янгидан қуриш режалари ҳам давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар сирасига киради. Ушбу ишлар тўлиқ якунлангач, шаҳар аҳолисининг 85 фоизи ичимлик суви, 40 фоизи эса оқова хизмати билан таъминлаш имконияти юзага келади.

Қолаверса, Президент қурилажак Нурафшоннинг Бош режаси билан танишаркан, биринчи навбатда инфратузилма тармоқларини мустаҳкам қилиб қуриш лозимлигини таъкидлаб, уларни сифатли эксплуатация қиладиган мутахассислар тайёрлаш, вазирлик ва идоралар биноларини оптимал жойлаштириш бўйича топшириқлар берганди.

— Албатта, бугунгача бу борада муайян ишлар қилинмоқда,-деб таъкидлайди Ш. Усмонов. — Жумладан, 20,8 млрд. сўм маблағ ҳисобига 47,1 км. масофага ичимлик сув тармоқлари тортилди. 22,8 км. масофага эса оқова сув қувурлари ётқизилиб, 4000 м3 сиғимга эга бўлган иншоот замонавий сув тозалаш жиҳозлари билан таъминланди.

Шунингдек, Тошкент йўли кўчасидаги узунлиги 6,7 км. бўлган мавжуд ҳаво алоқа линияларини кўчириш, 2,8 км. узунликдаги 4-каналли янги алоқа қудуқлари қуриш ҳамда 6,5 км. узунликдаги мавжуд қудуқларни таъмирлаш ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилди.

Янги шаҳар бағридаги замонавий саноат

Ҳудуд инфратузилмасини тубдан ўзгартириб юборган Нурафшонда бир қатор саноат корхоналари ҳам барпо этилмоқдаки, улар шаҳар иқтисодиётининг бугунги ташриф қоғози, эртанги тараққиётидир. «Ойбек» МФЙда фаолият кўрсатаётган “Textile Mill Tashkent” ҳамда Дегантепа маҳалласидаги “Nemo collection” корхоналари юзлаб маҳаллий ёшлар ва хотин-қизларни доимий иш билан таъминлади. Биргина “Textile Mill Tashkent” жамоасининг ўзи 2020 йилда Германия ва Россия давлатларига 3,4 млн долларлик маҳсулот экспорт қилишга эришди.

Тиббиёт йўналишидаги лаборатория жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Rossa” корхонасининг умумий майдони 5,0 гектар ерни ўз ичига олади. Уни бунёд этишда 2,5 млн доллар миқдоридаги хорижий сармоя киритилди. Яратилажак 100 та янги иш ўринининг 30 тасида ёшлар меҳнат қилади. Ушбу лойиҳанинг амалга ошиши натижасида хорижий етакчи илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Биотехнология соҳасидаги илмий-тадқиқот дастурларига бўйсундирилган ушбу корхонада Германия, Латвия, Россия, Хитой ва Франция давлатлари ускуналари асосида IVD маҳсулотлари ва инновацион усулларни ишлаб чиқиш илмий жараёни қамраб олинади. Бу ердаги кучли кадрлар сиёсати «Илмий муҳит» тамойилига йўналтирилган.

Корхонада 2021 йили маҳсулотнинг атиги 10 фоизи экспортга йўналтирилса, 2023 йилга бориб, бу кўрсаткич 70 % га чиқади. Маҳаллийлаштириш даражаси 2021 йилдаги 5 %дан, 2023 йилга бориб, 30%га кўтарилади. Бу ердаги технологик жараён ижтимоий аҳамиятга эга бўлган актуал инфекциялар, вирус билан боғлиқ хавфли ўсимталар, аутоимун ва кардиометаболик каби касалликларни қамраб олиши билан ҳам диққатга сазовордир.

Халқ орзуси

— Бундай шаҳарни кўпдан буён орзу қилардик, Сабаби вилоятимиз алоҳида маъмурий марказга эга эмас эди-да, — дейди халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши котибият мудири Сайёра Файзиева. — Аҳоли учун барпо этилаётган замонавий парк ва хиёбонлар, кўркам ва файзли маҳаллалар, театрлар, мактаблар, университетлар, спорт иншоотлари, болажонларга бир пайтда уч-тўрт хорижий тилни ўргатувчи, инновацион технология ютуқлари билан жиҳозланган умумтаълим мактаблари ва боғчалар, ҳаттоки, метро бекатлари вилоят аҳлининг азалий орзуси эди.

Нурафшоннинг Бош режасига киритилган 16 та мактабгача таълим муассасаси, 9 та умумтаълим мактаби, Тошкент йўли кўчасида қад ростлаши лозим бўлган 40 та 7, 9, 12, 16, 22 қаватли турар-жой бинолари ҳамда “Smart City” ҳудудида қурилажак 100 дан ортиқ осмонўпар бино ва иншоотлар шаҳар кўркига айланади.

Тошкент йўлида қад ростлаган вилоят адлия бўлими, Ёшлар маркази, гипермаркет, аҳоли истиқомат қилаётган баланд қаватли уйлар, бир қатор банклар иш бошлаган салобатли бинолар шу улкан режаларнинг дебочасидир.

Айниқса, шу пайтгача амалга ошмаётган Президент мактабини қуриш режаси ечим топиб, 2021 йилда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилаётгани нафақат нурафшонликлар, балки, бутун вилоят аҳли учун ҳам энг қувончли хушхабардир.

— Галдаги вазифаларимиз янада масъулиятли, — дейди шаҳар ҳокимининг муовини Шерзод Усмонов. — Тошкент йўли кўчаси бўйлаб ҳамда «Ақлли шаҳар» ҳудудидаги бино ва иншоотларни табиий газ билан таъминловчи ички газ тармоқларини қуриш ишларини тезлаштиришимиз лозим. Бу ердаги иншоотларга электр энергияси етказиб беришнинг биринчи босқичида «Нурафшон» нимстанцияси, 6 дона тарқатиш пунктлари ҳамда 25 км. узунликда ер ости кабель тармоқлари, шунингдек, 110 кВт кучланишдаги «Сергели-Нурафшон» электр узатиш тармоқларини қуриш борасида ҳам тезкорлик талаб этилмоқда. Бугунгача 6 дона тарқатиш пунктлари (РП)дан 5 тасида ишлар якунланди. Яна 2 та 25 000 кВт қувватига эга бўлган нимстанция қуришимиз керак.

Бундай бунёдкорликлар кенг кўлам ва жадал суръат касб этаётгани бежиз эмас. Зеро, давлат раҳбари таъбири билан айтганда, «Нурафшон мамлакатимизда шаҳар қуриш бўйича янги тажриба бўлмоқда. Ижтимоий соҳа объектлари, бу ердаги шарт-шароитлар Тошкентдагидан кам бўлмаслиги, улар билан рақобатлашадиган бўлиши керак. Албатта, бунинг учун ҳар бир лойиҳа устида жиддий ишлаш, узоқни кўзлаб иш тутиш керак”.

...Баҳор ўз сепини ёймоқда. Наврўз келиб эса кўркамлик, бетакрорлик, ёшариш шабадалари эсади. Бундан одамнинг кайфияти ҳам, руҳияти ҳам бирдек кўтарилади.

Юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида ана шундай янгиланишларга интилиш мужассамдир. Бугунги Нурафшонда ҳам шу каби муҳит ҳукмрон десак, айни ҳақиқатдир. Зеро, унинг бағрида бунёд этилажак «Ақлли шаҳар» яшариш ва абадиятга дахлдорлик рамзига айланиши шубҳасиз.

Шодиёр МУТАҲАРОВ

(“ Халқ сўзи»).

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер