«Нурафшон» маҳалласида янги Ўзбекистон қиёфаси

11:54 27 Март 2026 Жамият
237 0

Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларга баҳо беради. Шу боис маҳалла тизимини ривожлантириш орқали одамларга қулай яшаш муҳитини яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда.

Маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш ва шу орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш борасидаги ишлар кейинги йилларда янги босқичга олиб чиқилди.

— Ҳозирги вақтда қайсидир маҳаллада йўл, қайси бирида сув ёки электр масаласи, бошқасида боғча, мактаб, тиббиёт, яна бирида уй-жой билан боғлиқ масалаларга алоҳида-алоҳида ечим берилмоқда. Очиқ айтиш керак, бунинг ўзи билан маҳалладаги барча масалаларни тўлиқ ҳал бўлиб қолмайди. Шунинг учун келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади, — деган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида.

Шу кунларда Тошкент вилоятининг бир қанча ҳудудларида бўлгани каби Нурафшон шаҳрида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, шаҳардаги «Нурафшон» маҳалласидаги амалий ишлар «Обод маҳалла, обод кўча, обод хонадон» дастури доирасида олиб борилаётир.

— Ушбу дастур доирасида маҳаллага Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш кўзда тутилган, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Нурафшон шаҳри бўлими раҳбари Зулфия Махсудова. — Бунда маҳаллага кириш қисмида ҳудуд номи акс этган замонавий арка ўрнатиш, ҳудуддаги ариқларни махсус техникалар ёрдамида тозаланиб, уларни бетон қоплама билан мустаҳкамлаш каби қурилиш ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Олиб борилаётган ўзгаришлар доирасида бундай ободлик тадбирларига маҳалла аҳолисини ҳам жалб қилиш орқали ҳашарларни мунтазам равишда ташкил этиш, шунингдек, аҳоли хонадонларидаги томорқалардан унумли фойдаланиш юзасидан тарғибот ишларини кучайтириш ва кенгайтириш ҳам мўлжалланган. Бундан ташқари, «Нурафшон» маҳалласидаги дарахтларга агротехник ишлов берилиб, оқлаш ишлари амалга оширилмоқда ҳамда яшил ҳудудлар чиқиндилардан тозаланмоқда.

Бу маҳаллада аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун узоқ йиллардан буён фойдаланилмай келаётган, авария ҳолатидаги бетон устун ва симёғочлар махсус техникалар жалб қилинган ҳолда демонтаж қилиниб, ҳудуддан олиб чиқиб кетилмоқда. Бу маҳаллада жойлашган ва шу кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган янги оилавий поликлиника ҳудудида ҳам кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур саъй-ҳаракатлар ҳудуд инфратузилмасини янада яхшилаш, маҳаллага янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш учун хизмат қилмоқда.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер