Нукусда ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда
Фото: Халқ сўзи
Айни кунларда мамлакатимизнинг йигирмадан ошиқ вазирлик ва идора-ташкилотларининг масъул раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари Нукус шаҳрида бўлиб турибди. Тошкент шаҳридан ташриф буюрган вазир ўринбосарлари ва бошқа масъуллар ҳудуддаги тегишли ташкилотлар билан биргаликда аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиб, уларни бартараф этиш, маҳаллаларни ободонлаштириш, бу йўналишларда амалга ошириш учун йирик маблағ талаб қилинадиган ишларни «йўл харитаси»га киритиш жараёнида фаоллик кўрсатмоқда.
Нукус шаҳридаги «Йўлчилар» маҳалла фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари А.Мирзаев, Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири А.Реймбаев ҳамда Қурилиш вазирлигининг тегишли мутасаддилари аҳоли билан учрашди ҳамда маҳалла раиси бошчилигида кўчалар кесимида қурилиш ва ободонлаштиришга доир вазифаларни тақсимлаб олишди.
— Хонадонбай ўрганишлар натижасида аҳоли томонидан қилинган мурожаатлар тегишлилиги бўйича масъул вазирлик ва идораларга етказилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири ўринбосари А. Мирзаев. — «Йўлчилар» маҳалласида энг долзарб муаммо — бу йўлларнинг нотекислиги, айрим кўчаларда ҳатто машиналар ҳаракатланиш имкони ҳам йўқ экан. Ҳозирги кунга келиб Сув хўжалиги вазирлигига бириктирилган ушбу маҳалладаги уйларнинг фасад қисмлари бўялиб, дастлабки ободонлаштириш ишлари якунига етказилмоқда. Эндиликда кўчаларга қум-шағал ётқизиш ва коммуникация тармоқларидаги камчиликларни бартараф этишга киришиляпти.
Ғ. Отажонов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг