Нукусда «Nukus Agrominitex — 2020» кўргазмаси очилди

13:44 18 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
1110 0

Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан қишлоқ хўжалиги техника ва технологияларининг «Nukus Agrominitex — 2020» кўргазмаси ташкил этилди.

— Тадбирни ташкил қилишда кўзланган асосий мақсад республиканинг барча вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги соҳасига оид мини-техника ва технологияларни, ишлаб чиқаришга асосланган тадбиркорлик субъектларни кўргазмага жалб қилиш орқали Қорақалпоғистон Республикасида агросаноат соҳасини ривожлантиришдир, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси раҳбари М. Джуманиязов. Бунинг натижасида ихчам, тежамкор агротехнологиялардан унумли фойдаланиб, ички ва ташқи бозорларга чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турларини кўпайтириш, аҳолини иш билан таъминлаш имконияти ошади.

Кўргазманинг очилиш маросимида таъкидланганидек, ҳозирда 3560 та тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилган бўлса, улар орасида ўз бизнесини яратишга ҳаракат қилаётган ёшлар ва аёл қизлар сони ортмоқда. Бу каби кўргазмалар уларга янги ҳамкорлар топиш ва фаолиятларини кенгайтиришга замин яратиши шубҳасиз.

Қорақалпоғистонлик тадбиркорлар мева-сабзавот, паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, иссиқхона, асаларичилик ва бошқа шу каби йўналишлар бўйича ўз маҳсулотлари билан иштирок қилаётган вакиллар билан музокаралар ўтказиб, дастлабки кундан қатор шартномалар имзолашга эришдилар. Агросаноат комплекслари учун ихтисослаштирилган мазкур кўргазма 27 ноябргача давом қилади.

Ғ.Отажонов,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер