“Нотариуслардан ҳарбийларга бепул ҳуқуқий маслаҳат” акциясига старт берилди
Фото: "Халқ сўзи"
Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг қўшма қарорига асосан 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ҳарбий қисмларда икки кунлик “Нотариуслардан ҳарбийларга бепул ҳуқуқий маслаҳат” акциясига старт берилди.
Уларда ҳарбий қисмлар хизматчиларига кўчар-кўчмас мулклар олди-сотди шартномалари, ишончномалар, ҳадя, ворислик ҳуқуқи бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда. Қарши шаҳри ҳамда Қарши туманида жойлашган ҳарбий қисмларда ташкил этилган акцияларда қатнашчиларга янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси китоблари ҳамда “Нотариус маслаҳати” газеталари тарқатилди.
Тадбирларда Нотариал палатанинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ж. Худойбердиев, Қарши шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар М. Умбаров, У. Турдиев, Х. Қўлдошев, А. Ўрунов, Р. Хонқуловлар қатнашди ҳамда ҳарбий хизматчиларга олди-сотди шартномалари, ишончномалар ва мерос масалалари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар бердилар. Ҳарбий қисмлар офицер ва ҳарбий хизматчилари ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олдилар.
— Тадбирларда 100 нафардан зиёд нотариуслар иштирок этмоқда, — дейди Нотариал палатанинг ҳуқуқий тарғибот бўйича маслаҳатчиси З. Ҳайдарова. — Жойларда бепул ҳуқуқий маслаҳатдан ташқари сайёр хизматлар ҳам кўрсатиш назарда тутилган.
Акция давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг