Норин вилояти делегацияси Фарғона вилоятига ташриф буюрди

16:27 18 Март 2021 Сиёсат
1692 0

Шу йилнинг 11-12 март кунлари Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон — Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та тарихий ҳужжат имзоланди. Музокаралар жараёнида ҳудудлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш ҳамда чегараолди вилоятларни комплекс ривожлантириш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.

Белгиланган режалар ижросини таъминлаш мақсадида 17-19 март кунлари Қирғизистоннинг Норин вилояти делегациясининг Фарғона вилоятига ташрифи амалга оширилмоқда. Ташриф доирасида кеча сўлим Водилда жойлашган вилоят ҳокимлиги «Қабуллар уйи»да икки вилоят расмий делегацияси иштирокида юзма-юз мулоқот ўтказилди.

Учрашувда Фарғона вилоятининг саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо, қурилиш ва хизмат кўрсатиш сингари истиқболли тармоқлари жадал ривожланаётгани эътироф этилиб, текстиль ва тўқимачилик, энергетика, нефть-кимё соҳаларининг юксак салоҳияти хусусида батафсил маълумот берилди. Савдо-иқтисодий, инвестиция, туризм ва таълим соҳаларида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Айни пайтда вилоятимизда Қирғизистон сармояси иштирокида 30 та қўшма корхона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 2020 йилда Фарғона вилояти ва Қирғизистон Республикаси ўртасида импорт-экспорт ҳажми қарийб 160 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ҳозирда вилоятимизда қирғизистонлик тадбиркорлар томонидан текстиль, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида 36,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги 6 та янги лойиҳалар ҳаётга татбиқ этиляпти.

— Аммо бу рақамлар қониқарли эмас,-деди Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. – Боиси мавжуд имкониятлар мазкур натижани бир неча маротаба яхшилаш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Самимий мулоқотда Норин вилояти губернатори Собирқул Ашимбетов яқин истиқболда ҳамкорлик кўлами бир неча маротаба ошишига ишонч билдириб, ўзаро ишончли ва ҳамфикрликка асосланган дўстона алоқаларни ҳудудлар кесимида ривожлантириш зарурлигига эътибор қаратди.

Учрашувда вилоятнинг Фарғона, Қува, Тошлоқ, Олтиариқ туманлари ҳамда Қувасой ва Марғилон шаҳарлари билан Норин вилояти туманлари ҳокимлари ўзаро биродарлашган туманлар сифатида музокаралар олиб бордилар.

Ташриф режасига кўра, Норин вилояти делегацияси кеча Фарғона, Тошлоқ ва Қува туманлари ҳамда Марғилон ва Қувасой шаҳрида янги саноат корхоналари, миллий ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги тармоқларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Икки вилоят туманлари раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

***
Норин вилояти делегацияси ташрифи доирасида 19 март куни Фарғона шаҳрида икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида Бизнес-форум ўтказилиши ҳамда вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, меҳмонлар учун Олтиариқ туманида замонавий музлатгичли омборхоналар ва узум боғлари, Риштон туманидаги Кулолчилик маркази бўйлаб мароқли саёҳат уюштириш ҳам кўзда тутилган.

Ботир Мадиёров,
 «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер