“Нол”дан ҳам тадбиркор, ҳам халқ фойда кўради

11:30 02 Октябр 2020 Иқтисодиёт
1275 0

Ривоятга кўра, замонасининг бой ва сахий кишиси ёрдам сифатида, икки камбағалга минг тиллодан берибди ва «Бу маблағ сизларни ночорликдан халос этади» дебди. Орадан бир неча йил ўтиб, бадавлат киши уларнинг ҳолидан хабар олибди. Кўрибдики, эҳсон берганларидан бирининг ишлари юришибди, ҳам устахонали, ҳам дўкондор бўлиб, бойлар қаторига қўшилибди. Иккинчиси эса, афсуски камбағаллигича қолибди. Негаки, минг тангани юз минг танга қилиш ўрнига бор пулни маълум вақтлик дабдаба, тўкин ҳаёт учун сарфлаб юборибди. Алқисса, берилган имкониятдан тадбирли фойдаланган борки, албатта фаровонликка эришади. Шу маънода, мамлакатимизда бўш турган бино ва иншоотларни инвестиция киритиш мажбурияти билан жуда қулай шартларда тадбиркорларга берилиши ривоят эмас, ҳаётий ҳақиқатдир. Эътиборлиси, ушбу имконият фақат тадбиркор ва унинг оиласинигина эмас, юзлаб, минглаб кишиларни бой қилишга, ҳудудлар ижтимоий –иқтисодий салоҳиятининг ошишига хизмат қилади. Таъбир жоиз бўлса, «ноль» қийматдаги бино ҳам тадбиркорга, ҳам аҳолига фойда келтиради.

Хусусан, бу Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган медиатур асносида ҳам ўз аксини топди. Масалан, «Зиннур» бундан бир неча йил бурун ижарада турган кичик бир тадбиркорлик субъекти эди. Энди эса у бир эмас, бир неча ишлаб чиқариш линияларига эга йирик бирлашма. Бундай ривожга, аввало, тадбирли иш юритиш бош омил бўлди. Корхонанинг ҳар жиҳатдан истиқболли, кенг-мўл ўз ишлаб чиқариш майдонига эга бўлганлиги эса пухта ўйланган бизнес-режанинг кутилганидан ҳам аъло амалга ошишини таъминлади. Бинобарин, Гулистон шаҳридаги 2,3 гектар сатҳли бўш бино 14,5 миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан тендерда ютиб олинганида «Зиннур» жамоаси атиги 20 нафар ходимдан иборат эди. Шартда 160 та иш ўрни яратиш белгиланганди. Бирлашма иккала вазифани ҳам ортиғи билан бажарди. Яъни бугунги кунда ишчи –ходимлар сони 185 нафарга етиб, киритилган инвестиция 37 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.

— Ҳозир пойабзал — кроссовка, кийим-кечак, лок-буёқ сингари кўп тармоқли ишлаб чиқаришга эгамиз, — дейди бирлашма раҳбари Носиржон Эгамбердиев. — Барча маҳсулотларимизга талаб юқори. Бу, қулай ишлаб чиқариш майдонига эгалигимиз ҳамда технологик янгиланишларга алоҳида эътибор қаратиш самараси, албатта. Масалан, 1,5 миллион АҚШ долларига янги пойабзал тайёрлаш ускуналари олганимиз туфайли бир неча кўрсаткичларимизни яхшилаб олдик. Маҳсулот ишлаб чиқариш тўлиқ маҳаллийлаштирилди, юқори сифатга эришилди, таннарх арзонлашди, пойабзал тайёрлаш қуввати ошди.

Тадбиркор аёл Гулчеҳра Жонжигитова раҳбарлигидаги «Нозигул- Сардор-Оқолтин» масъулияти чекланган жамияти ҳам «ноль» қийматда олинган бино-иншоотлар учун белгиланган инвестиция мажбуриятларини бажаришда намуна кўрсатаётган субъектлардан бири. Жамиятнинг Янгиер, Гулистон шаҳарларида бир неча хусусий клиникалари фаолият кўрсатмоқда. Яқинда ушбу тармоққа Боёвут туманидаги бекор турган бинода иш бошлайдиган янги тиббиёт муассасаси ҳам қўшилади.

Медиатурда тадбиркорларга топширилган яна бир неча объектларда амалга оширилган ишлар билан ҳам танишилди. Шу билан бирга, инвестиция мажбуриятлари бажарилишининг кечикиши, бўш турган биноларнинг сотилмай туриши, пандемия шароитида инвесторлар фаолиятида юзага келаётган молия –кредит масалаларидаги муаммолар ҳам ўрганилди. Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолиятида, яъни бўш турган бино-иншоотларни очиқлик, шаффофлик ва қонунийликни таъминлаган ҳолда энг салоҳиятли тадбиркорлар ихтиёрига бериш борасидаги ислоҳотлар бўйича батафсил маълумотлар берилди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер