Ногиронлиги бўлган шахслар ишлари бўйича Идоралараро кенгашнинг вазифаси нима?

11:05 20 Май 2020 Жамият
1058 0

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар, соҳа вакиллари, экспертлар томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида бугунги кун талаблари, халқаро стандартлар энг муҳими ушбу шахсларнинг манфаатларини акс этяпти.

Шу ўринда қонун лойиҳасига киритилаётган айрим янги нормалар ҳақида сўз юритсак. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари қонунда белгилаб қўйилмоқда.

Бунда Вазирлар Маҳкамаси уларнинг ҳуқуқларини таъминлашда ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, бу борадаги давлат дастурларини ишлаб чиқиши, тасдиқлаши ҳамда амалга оширилишини таъминлаш, ушбу соҳадаги ишлар юзасидан давлат органлари фаолиятини назорат қилиш каби ваколатларни амалга ошириши белгиланмоқда.

Яна бир янгилик. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлари бўйича Идоралараро кенгаш фаолияти ҳам қонунда ўз аксини топмоқда. Сайловчиларда савол туғилиши мумкин. Идоралараро кенгаш қандай ташкил этилади, таркибида кимлар бўлади, фаолияти нимадан иборат, уни ташкил этиш қанчалик зарур?

Ушбу саволларга қонун лойиҳасидан жавоб излаймиз.

Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлари бўйича Идоралараро кенгаш, унинг Низоми ва шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилиб, тасдиқланади. Унинг таркибига ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг таъминланишини амалга оширувчи вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари киради. Кенгаш ўз номига кўра, умуман ногиронлик юзасидан ягона давлат сиёсати амалга оширилиши бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириши кўрсатилган.

Шунингдек, Идоралараро кенгашнинг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш масалалари ҳақидаги қарорлари барча давлат бошқаруви органлари ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши мажбурийлиги акс этмоқда. Демак, ушбу мувофиқлаштирувчи, ихтисослашган, ягона тизим бўлмаганлиги ҳамда қабул қилинадиган қарорлари барча идоралар учун мажбурий бўлишидан келиб чиқсак Идоралараро кенгаш ташкил этилиши зарур бўлади.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасига Ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари (мисол учун Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси, Ўзбекистон Карлар жамияти, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти ва б.қ.) ҳақида алоҳида модда киритилмоқда. Унда белгиланишича, мазкур нодавлат нотижорат ташкилотлар — ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматларнинг тегишли турларини кўрсатиш самарадорлигини баҳолашда, соҳада ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлар киритишда, ваколатли давлат органлари билан биргаликда спорт, маърифий ва маданий-оммавий тадбирларни ташкил этиш йўли билан иштирок этишга ҳақлидир.

Умуман, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бор шахсларнинг ҳаётлари давомида дуч келадиган кўплаб масалалар масалан, ижтимоий инфратузилмадан фойдаланиш, хизматлар, иш билан таъминланишининг яхшиланиши, энг асосийси уларнинг ижтимоий муҳофазаси самарали бўлиши, шубҳасиз.

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер