Ҳасан Улусой: Ўзбекистон — ажойиб ўлка. Келинг, сармоя киритинг, бизнесингиз, албатта, гуллаб-яшнайди!

16:25 09 Июль 2018 Иқтисодиёт
4765 0
Фото: Ҳасан Пайдоев /"Халқ сўзи".

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг шу йил 31 апрель — 1 май кунлари мамлакатимизга амалга оширган давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон — Туркия ишбилармонлари бизнес форумида иштирок этиб, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган инвесторларга алоҳида миннатдорлик изҳор қилганидан хабарингиз бор.

Давлатимиз раҳбари ушбу учрашув чоғида “Nobel Ilaс” — “Ulkar Holding” компаниясининг юртимиздаги фаолиятига юқори баҳо бериб, “Фармацевтика саноатида мақтаса арзигулик ишлар қиляпсиз. Бу ишларни давом эттирсангиз биз сиздан рози бўламиз. Нега деганда, Туркия 80 фоиз дори-дармонни ўзида ишлаб чиқаради. Дунёда камдан-кам давлат бунга эришган... Сизнинг катта-катта ишингиз, бозорингиз Ўзбекистонда борлиги — бу ҳақиқат. Сизнинг ишларингизга муваффақият тилайман”, деган сўзлари нуфузли тадбир иштирокчиларининг давомли олқишлари билан қарши олинди.

Мухбиримиз туркиялик машҳур инвестор, жаҳон фармацевтика саноатида ўз ўрнига эга йирик ишлаб чиқариш қувватлари асосчиси, “Nobel Ilaс” — “Ulkar Holding” Бошқаруви ҳайъати раиси Ҳасан УЛУСОЙ билан учрашиб, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатлар янги стратегик босқичга кўтарилган ҳозирги пайтда савдо-иқтисодий, инвестициявий алоқалар, тадбиркор томонидан ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар ҳақида суҳбатлашди.

— Суҳбатимизни тарихий учрашувдан олган таассуротларингиз билан бошласак. Ўша пайтда қалбингиздан қандай кечинмалар ўтди?
— Тўғриси, у палладаги ҳис-ҳаяжонимни сўз билан таърифлаб беролмайман. Ўзингиз ўйланг, бизнес форумида Президент Шавкат Мирзиёев жаноблари бизнинг компаниямиз номини алоҳида тилга олиб, менга шахсан миннатдорлик билдириши, табиийки, қалбимни тўлқинлантириб юборди. Ахир, юртингизда олиб бораётган ишимиз, меҳнатимизга катта баҳо берилди. Бундан жуда ҳам миннатдорман.

Президентнинг ҳар бир сўзини Ўзбекистон халқи саломатлиги йўлида янада кўпроқ ғайрат-шижоат билан хизмат қилиш, ҳамкорлик ришталарини бундан-да мустаҳкамлашга даъват, деб қабул қилдик. Ушбу эзгу йўлда жонбозлик кўрсатиш, инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.

Фото: Ҳасан Пайдоев /"Халқ сўзи".

— Мана, 16 йилдирки, юртимиз фармацевтика саноатида муҳим лойиҳани амалга ошириб келяпсиз. Айтинг-чи, бизнес фаолиятингизни Ўзбекистон билан боғлашга нима туртки бўлган эди?
— “Nobel Ilaс A.S.” Туркиядаги қарийб 55 йиллик тарихга эга энг йирик ширкатлардан биридир. 2000 йилнинг бошида фаолиятимиз кўламини кенгайтириш, аниқроғи, хорижда ишлаб чиқаришни ташкил этишга қарор қилдик. Ушбу лойиҳа учун, биринчи бўлиб, Ўзбекистонни танладик. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Ўзбекистонга муносабатим, меҳрим бўлакча. Бу юрт биз учун ота макон сифатида янада суюк ва қадрлидир.

Эътиборлиси, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга кўп вақт кетмади. “Nobel Pharmsanoat” корхонасини ташкил этиб, 2002 йилдаёқ дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик ва ўзбек халқига юқори сифатли маҳсулотлар етказиб бера бошладик.

Ҳозирги кунда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларида “Nobel”нинг фирма ва ваколатхоналари фаолият юритяпти.

Ўзбеклар — меҳнаткаш, илмий-техник салоҳияти юқори халқ. Айниқса, ёшларнинг билими, тафаккури ўта бой. Замонавий илм-фан сирларини пухта ўзлаштирган янги авлод етишиб чиқаётгани иқтисодиёт, хусусан, фармацевтика саноати истиқболида нурли уфқларни очмоқда. Масалан, юртингиздаги фармацевтика фабрикамизда 350 нафар киши меҳнат қилаётган бўлса, шундан атиги 2 нафари Туркия фуқароси, холос. Биз ўзбекистонлик мутахассислар кўмагида ишлаб чиқаришни ташкил этиб, экспортни амалга оширмоқдамиз. Шу маънода, бу ерга инвестиция киритишимиз тўғри қарор бўлган, деб бемалол айта оламан. Шундай олижаноб халқ билан бирга ишлаётганимдан доимо ғурурланаман.

Фото: Ҳасан Пайдоев /"Халқ сўзи".

— Фармацевтика саноатида маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини оширишда сизнинг лойиҳангиз қандай роль ўйнаяпти?
— Ўзбекистонга Туркиядаги иккита ишлаб чиқариш фабрикамизда жорий қилган халқаро андозаларга мос технологиялар, Германия, Швейцария, Австрияда тан олинган стандартлар, инновацион ноу-хауларни олиб келганмиз. Шунинг учун бу ерда тайёрланаётган

60 номдаги 110 дан ортиқ турдаги дори воситаларининг сифати юқори, талаб эса шунга яраша ҳам ички, ҳам ташқи бозорда ниҳоятда катта. Бу эса фаолиятимизни кенгайтиришга руҳлантиряпти. Дастлаб кичикроқ фабрикада иш юритган бўлсак, орадан маълум вақт ўтиб, катта замонавий фабрикани бунёд этдик.

Бугунги кунда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган дори воситалари Туркия, Грузия, Афғонистонга экспорт қилинмоқда. Яқин вақт ичида янги бозорларни ўзлаштириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ниятидамиз. Бунинг учун, аввало, чет давлатларнинг обрўли экспертлари томонидан маҳсулотларимиз тан олиниши, яъни ишлаб чиқариш жараёни, маҳсулотлар билан яқиндан танишиб, ижобий хулосасини бериши керак. Шу боис тез орада Европадан экспертларни таклиф қилишни режалаштирганмиз. Мақсадимиз Ўзбекистондан Европа мамлакатларига ҳам дори-дармон етказиб беришдир.

Фото: Ҳасан Пайдоев /"Халқ сўзи".

— Ўтган давр ичида “Nobel Pharmsanoat” корхонасини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш учун қанча инвестиция киритдингиз ва улар, асосан, қандай кўринишда бўлди?
— Киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 40 миллион АҚШ долларидан ошди. Лекин бу билан чекланиб қолганимиз йўқ. Лойиҳамизни тобора кенгайтиряпмиз. Айтайлик, 2017 йил апрель ойида Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Туркияга сафари давомида яна 3 миллион АҚШ долларилик шартнома имзоладик.

Инвестиция дейилганда, кўпчиликнинг кўз ўнгида дастлаб маблағ ёки технология пайдо бўлади. Тўғри, ишлаб чиқаришни ташкил этишда булар жуда муҳим. Биз ҳам дастлаб маблағ киритиб, ишлаб чиқариш биноси, лаборатория қуриб, уларни замонавий технология ва ускуналар билан жиҳозладик. Бундан ташқари, билимга инвестиция йўналтиряпмиз. Яъни ноу-хауларни амалда қўллаш борасида айни пайтда Туркиядан етук мутахассислар келган. Бири янги инвестициялар, бошқаси сифат назорати борасида фаолият кўрсатади, ўз билимлари билан ўртоқлашади. Ўз навбатида, мутахассисларимизни чет элларга жўнатиб, малакасини оширяпмиз. Шу тариқа янги инновацион усуллар ўзлаштирилмоқда. Демоқчи бўлганим, инвестициялар фақатгина моддий кўринишда эмас. Чунки фармацевтика — юқори технологиялар ва билим талаб қиладиган соҳа.

Шу ернинг ўзида хом ашё ишлаб чиқаришни, яъни маҳсулот синтезини йўлга қўйишга аҳд қилган эканмиз, шулар билан кифояланиб қолмаймиз, албатта. Қўшимча инвестициялар киритамиз. Бу каби саъй-ҳаракатларимиз маҳсули бўлган янги фабрикамиз яқинда фойдаланишга топширилди. Унинг қуввати йилига 20 миллион қутигача маҳсулот ишлаб чиқаришга тенг. Корхона ёнида яна бир ишлаб чиқариш биносини қурдик. Бу ерда пенициллин ишлаб чиқарилади. Уни ҳам экспорт қилишни мўлжаллаб турибмиз.

— Соҳа мутахассиси сифатида Ўзбекистонда фармацевтика саноатининг бугунги ҳолатини қандай баҳолайсиз, бу жабҳада ривожланган давлатлар қаторига чиқиш учун қанақа чора-тадбирлар кўриш керак, деб ўйлайсиз?
— Ўзбекистонда фармацевтиканинг истиқболи ғоятда порлоқ. Фақат мавжуд табиий ва илмий салоҳиятдан оқилона фойдаланиш, соҳага кўпроқ инвесторларни жалб этиш керак. Чунки юртингиз табиати шифобахш гиёҳларга жуда бой. Қолаверса, табиий дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича узоқ йиллардан буён тадқиқотлар олиб бораётган илмий муассасалар кўп. Уларнинг ишланмалари, ихтироларини амалиётга кенгроқ татбиқ қилиш зарур. Масалан, биз Ўсимлик моддалари кимёси институти билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Биргаликда шифобахш гиёҳлар асосида дори воситалари тайёрланмоқда. Бунда жалб этилаётган янги ноу-хаулар, илғор технологиялар қўл келяпти.

Эндиликда бу соҳага сармоя киритадиган инвесторлар янада кўпаяди. Улар томонидан янги-янги заводлар қурилишига имоним комил. Шахсан мендан “Сиз Ўзбекистонни яхши биласиз, у ҳақида маълумот беринг”, деб кўп бора сўрашади. Уларга ҳар доим шундай жавоб қайтараман: “Ўзбекистон — ажойиб ўлка. Марҳамат, келинг, сармоя киритинг, бизнесингиз, албатта, гуллаб-яшнайди!”

Бунга ўз фаолиятим мисолида яққол гувоҳман. Мен Ўзбекистонга ишонаман ва севаман. Бу туйғу муваффақиятларга кенг йўл очиб берди. Зеро, киритган инвестицияларим Инвестиция дастуридан ўрин олиб, унинг кафолати таъминланди.

Фото: Ҳасан Пайдоев /"Халқ сўзи".

— Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг янги босқичини инвестор сифатида қандай баҳолайсиз?
— Яширмайман, биз фаолиятимизни бирмунча мураккаб шароитларда бошладик. Буни Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бизнес юритиш учун енгилликлар бериш, чет эллик инвесторларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилган охирги икки йилда, айниқса, чуқур ҳис қилиб турибмиз. Чунки шу қисқа давр ичида иқтисодиёт тараққиётида тамал тоши бўладиган ўта муҳим, тарихий ҳужжатлар қабул қилинди. Энг асосийси, Ўзбекистон эшикларини бутун дунёга очди.

Бу нима беради? Аввало, хорижлик сармоядорлар, тадбиркорларда ишонч уйғотади. Бу мамлакатнинг имиджи ўзгаргани, инвестициявий жозибадорлиги ортаётганини англатади. Демак, инвестициялар оқими янада кўпаяди. Янги инвестиция янги технология, деганидир. У билан бирга, тараққиёт ҳам кириб келади. Нафақат фармацевтика, балки саноатнинг бошқа тармоқларига ҳам киритиладиган сармоялар кўпаяди. Шундай истаги бор тадбиркорлар Туркияда ҳам жуда кўп. Улардан бир гуруҳи Президентимиз Режеп Таййип Эрдўғоннинг юртингизга ташрифи давомида Ўзбекистонга келиб, инвестициявий ҳамкорлик қилиш бўйича амалий келишувларга эришдилар.

Бу жараёндан биз ҳам четда қолаётганимиз йўқ, албатта. Янги дори воситаларини ишлаб чиқаришга татбиқ қилмоқчимиз. Шулардан бири бутун дунёда қизиқиш катта бўлган биотехнологик дори-дармонлардир.Туркияда худди шу йўналишда инвестиция киритиб, муайян тажриба орттирдик. Эндиликда уни юртингизда тайёрлашни йўлга қўйиб, юқори самарали маҳсулотларни ўзбек халқига тақдим этиш, шунингдек, дунё давлатларига экспорт қилиш ниятидамиз.

Ўзбекистондаги ҳозирги ислоҳотлардан умидим катта. Унинг яқин ўтмиши билан бугунини таққослаган киши мамлакат ўзгача бир нуқта, янги поғонага кўтарилганига амин бўлади. Бу шиддатли ривожланишнинг бошланишидир. Эндиликда ўзбек халқи янада фаровонликда яшайди. Янада кўпроқ инвестициялар киритилади, янада кўпроқ экспорт қилинади.

Сўзим сўнгида ўзбек халқига фаровонлик, сиҳат-саломатлик, ёруғ келажак тилайман. Энг муҳими, турк ва ўзбек халқлари янада жипслашсин. Зотан, тилимиз бир, илдизимиз, ўзлигимиз бир. Бир-биримизни қанчалик яқиндан билсак, шунчалик меҳр қўямиз. Мен бу танти, бағрикенг, ишбилармон халқни танидим ва чексиз меҳр-муҳаббат қўйганимдан фахрланаман.
“Халқ сўзи” мухбири
Саид Раҳмонов суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер