“НКМК кубоги“да янги номлар кашф этилди

16:23 26 Ноябрь 2019 Спорт
549 0

Фото: Азамат ЗАРИПОВ, Халқ сўзи

Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” жисмоний тарбия ва спорт клубида илк маротаба бадиий гимнастика бўйича “НКМК кубоги” халқаро турнир бўлиб ўтди. Навоий кон-металлургия комбинати ташаббуси билан ўтказилган мазкур мусобақада Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, шунингдек, республикамизнинг барча вилоятларидан 300 нафарга яқин спорт маликалари ғолиблик учун ўзаро куч синашдилар.

Таъкидлаш жоиз, Навоий мазкур спорт тури бўйича етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ердан етишиб чиққан гимнастикачилар юртимиз шарафини халқаро ареналарда муносиб ҳимоя қилишган.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар келажагини белгиловчи 5 та ташаббуснинг иккинчиси ёшларга жисмоний чиниқиши ва спорт соҳасида ўз қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиб беришдан иборат. Бу галги турнир ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

- Спортни дўстлик, тинчлик элчиси, деганларидек, “НКМК кубоги” халқаро турнири ҳам ана шундай улуғ ният, эзгу ташаббуслардан бири сифатида ўз ўрнига эга бўлиши шубҳасиз, - дейди халқаро тоифадаги спорт устаси Дилдора Раҳматова. – Гўзаллик ва нафосат маликаларининг беллашувлари муросасиз кечди. Янги ном, янги талантлар кашф этилди.Мусобақанинг якуний натижаларга кўра, жамоавий дастур бўйича мезбон Навоий вилояти жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, “НКМК кубоги”нинг илк соҳиби бўлишди. Тошкент шаҳри жамоаси иккинчи, Бухоро вилояти жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорларга медаль, қимматбаҳо совға ва фахрий ёрлиқлари тантанали равишда топширилди.

Темур ЭШБОЕВ, (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер