«НКМК» АЖ кончилари техник жиҳатдан ниҳоятда мураккаб бўлган шахтада қазиш ишларини якунлади

15:17 24 Август 2022 Жамият
739 0

Иллюстратив фото

«Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг Жанубий кон бошқармасидаги «Зармитан» саноат майдонида «Скип» ҳаракатланадиган шахтани қазиш ишлари якунига етказилгани муносабати билан тақдимот тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда «НКМК» АЖ Бош директори Қувондиқ Санақулов Мустақиллик берган имкониятлар туфайли ушбу ҳудудда сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар, янги гидрометаллургия заводи, конлар, замонавий инфратузилма - Заркент қўрғони барпо этилгани, сўнгги йиллардаги мисли кўрилмаган бу ўзгаришлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кончилар фаровон яшаши, ёшлар учун муносиб иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш кўрсаткичларини оширишга, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳар йили янгидан-янги турли объектларни фойдаланишга топширишга улкан имкониятлар яратиб бераётганини таъкидлади.

— Байрам шукуҳи кезиб юрган айни кунларда Чехия давлатининг “Mine Construction Alliance s.r.o.» компанияси билан ҳамкорликда олиб борилган икки йиллик самарали меҳнат маҳсули сифатида нафақат Ўзбекистон кончилик саноатида, балки Марказий Осиёда илк маротаба диаметри 6,5 метр ва чуқурлиги 1000 метр бўлган, техник жиҳатдан ниҳоятда мураккаб ҳисобланган «Скип» ва «Клет» ҳаракатланадиган шахтани қазиш ишлари ўз якунига етказилгани ажойиб совға бўлди, — деди Қ. Санақулов. — Бу ишлар комбинат ўз йўналишида тараққиёт сари илгарилаб бораётганидан далолатдир.

Айни пайтда кейинги босқичдаги ишлар давом эттирилмоқда. Лойиҳани 2023 йил март ойида тўлиқ якунлаш режалаштирилган. Бу келгусида ер қаъридан ҳар йили 850 минг тонна рудани юзага чиқариш имконини бериб, 4-гидрометаллургия заводида қайта ишланади.

Тадбирда шахтани қазиш ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ фаоллар «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти маъмурияти томонидан муносиб тақдирланди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер