“НКМК” автотранспорт парки янгиланмоқда
Кончилик саноатида рудаларни ташиш асосан автоўзиағдаргич(автосамосвал)ларда амалга оширилиб, у яқин-яқинларгача мурунтовликларнинг оғриқли нуқталаридан бири эди. Боиси кон чуқурлиги етти юз метрдан ошгач, бу ердаги юқори ҳарорат ва айни саратон чилласида қилт этган шамол эсмаслиги ҳар қандай техниканинг двигателларини тезда ишдан чиқарарди.
Шу сабаб тармоққа самарадор ҳамда иқлим шароитимизга мос техникаларни жалб этиш ҳар доим НКМК раҳбариятининг диққат марказида бўлиб, бу борада энг аввало истиқболни кўзлаб иш тутиш, яъни эксплуатация даврида уларнинг камхаржлигига алоҳида эътибор қаратилади. Шу асосда “НКМК” АЖнинг Марказий кон бошқармаси ўз автопаркини янгилашнинг бугунги босқичида “Komatsu” оғир юк ташувчи автоўзиағдаргичларини танлашган. Мазкур транспорт воситаларининг сўнгги йилларда такомиллаштирилиб, чўлнинг инжиқ иқлимига мослаштирилганлиги бунда муҳим омилдир.
- 2023 йил биринчи чорагида инвестиция лойиҳалари бўйича 8 дона “Komatsu” карьер ва йўл қурилиши автотранспорт воситалари келтирилди, - дейди Мурунтов транспорт цехи бошлиғи Қаҳрамон Мирзаев. – Йил якуни билан жами олтмишга яқин техника келтирилиши режалаштирилмоқда. Булар тўқсон тоннагача юк олиш қувватига эга автоўзиағдаргичлар, фронтал юклагичлар, занжирли ва ғилдиракли бульдозер ҳамда автогрейдерлардан иборат.
Таъкидлаш жоиз, кончилар эга бўлаётган ушбу техникалар ниҳоятда йирик габаритга эгалиги сабаб, Мурунтовгача бўлакланган ҳолда етказилади. Сўнгра улар Марказий кон бошқармасига карашли автотранспорт бошқармасининг малакали мутахассислари томонидан йиғилиб, ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Айни кунларда бошқармага келтирилган кончилик техникаларининг жорий йилдаги дастлабки партиясини йиғиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Мухтасар қилсак, Мурунтовда ишлаб чиқариш сарф-харажатларини камайтиришга қаратилган тадбирларда автотранспортчилар ҳам иштирок этишиб, уларнинг самараси пировард натижа, яъни маҳсулот таннархи пасайишида ҳам ўз ифодасини топиши шубҳасиз. Наинки олтин балки ҳар қандай ишлаб чиқаришда ҳам бу етакчи омилдир.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг