Нияти бузуқнинг борар ери тайин
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Когон туманидаги «Абдураҳмон сифатли парранда» масъулияти чекланган жамиятида ишлаётган Фазлиддиннинг эски одати қўзиди. Бировни алдаш, одамлар ишончини суиистеъмол қилиш ҳадисини олган йигит корхона раҳбарининг ҳузурига жабрдийда қиёфасида кирди. Бошига катта ташвиш тушганини, фарзанди касал бўлиб қолганлигини, уни даволагани фалон пул зарурлигини айтиб, дарду ҳол қилди.
Раҳбар ҳам одам. Унга ишонди. Қайтариш шарти билан 6 миллион 500 минг сўм берди.
Орадан ойлар ўтди. Фазлиддин қарзини қайтаришни хаёлига ҳам келтирмади. Ваҳоланки, «Фарзандим касал бўлиб қолди», дегани ғирт ёлғон эди.
Бу кимсанинг фирибгарликдан ташқари ўғрилик қилиш одати ҳам бор экан. Бир гал корхона дарвозаси олдида раҳбарнинг «Дамас» русумли автомашинаси эшиги очиқ ҳолда қаровсиз турганини кўрди. Қараса, машина ичида бир даста пул турибди. Фазлиддиннинг нияти бузилди – пулни ўмарди. Кимсасиз жойга бориб санади: машинадаги пул нақд 20 миллион сўм экан. Шундан сўнг корхонада қорасини кўрсатмай қўйди.
Ўғри ишни ими-жимида битирдим, деб ўйлаганди, албатта. Аммо тегишли органлар томонидан олиб борилган суриштирувлардан сўнг фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларини содир этган Фазлиддиннинг қилмиши фош бўлди. У судланди.
Ф.Эргашевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асоссан узил-кесил 6 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони махсус-тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Ж. ТОЖИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Бухоро шаҳар суди судьяси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг