Ниқоблар инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олмаса, нима учун бизда ниқоб тақиш шарт? — долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди

16:44 31 Октябр 2020 Жамият
1495 0

АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова аҳолидан тушган саволларга жавоб қайтарди.

Савол: Ниқоблар инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олмаса, нима учун бизда ниқоб тақиш шарт?

Жавоб: Ҳа, ниқоблар инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олмайди. Бироқ коронавирус инфекцияси ташувчиси ниқобдан фойдаланганида, унинг вирусни бошқа одамга юқтириш эҳтимоли бир неча мартага камаяди. Шунинг учун ниқоблар мабодо сиз симптомсиз, коронавирус инфекциясининг ташувчиси бўлсангиз ҳамда ўзингиз бундан бехабар бўлсангиз, вирусни бошқаларга юқтириш эҳтимолини кескин камайтириш учун керак.

COVID-19ни жиловлашнинг бошқа чоралари, жумладан ижтимоий масофа ҳам бу қадар катта фойда бермайди. Тадқиқотчилар фикрича, ниқоб тақиш кўрсаткичи 85 фоизни ташкил этса, 95 мингдан зиёд кишининг ҳаёти сақлаб қолинади.Ниқоблар SARS-CoV-2 каби респиратор вируслар юқишининг олдини олади ва COVID-19 тарқалишига тўсқинлик қилади.

Ўзбекистонда эпидемиологик вазият барқарорлашмагунча ниқоб тақиш шарт.

Савол: Фарзандим 3 ёшда. Жуда кўп касал бўлади. Бола организмни чиниқтириш учун нима қилишим керак?

Жавоб: Биринчи навбатда болани шифокор-педиатр кўригидан ўтказиб туриш лозим. Унинг умумий аҳволига қараб, махсус тиббий анализларни топшириш талаб этилади. Мисол учун қон таҳлили, пешоб ва ахлат анализини топшириш шарт. Бундан мақсад боланинг ички аъзоларида юз бераётган ўзгаришларни ўз вақтида аниқлашдан иборатдир.

Болалар орасида кўп учраб турадиган гижжа ва унинг бошқа турлари иммун тизимига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари қон таркибидаги турли инфекция қўзғатувчи бактериялар ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Буни аниқламай туриб, болага тўғри даволаш усулини қўллаш қийин. Шунингдек, бола саломатлигини мустаҳкамлаш учун унинг кундалик таомномасига тўйимли ва калорияга бой маҳсулотлардан қўшиш мақсадга мувофиқдир. Гўштли ва сабзавотли овқатлар, мевалар, денгиз маҳсулотлари, тухум, витаминларга бой табиий шарбатлар ва сут маҳсулотлари боланинг кундалик таомномасида бўлиши зарур. Сув, ҳаво ва қуёш ванналари организмни чиниқтиришда муҳим омил ҳисобланади.

Савол: Энди тест натижаларини жойларга бориб ўтирмасдан олишимиз мумкинлиги хақида хабарлар эштдик, бу ростми?

Жавоб: Рост. "COVID-19" учун ПЗР тести натижаларини тезда олинишини таъминлаш мақсадида @coronavirustest_testingbot махсус Телеграм-бот яратилди. Энди, "COVID-19"га ПЗР тести топширган фуқаролар уйларидан чиқмаган ҳолда тест натижаларини билиб олишлари мумкин.

Ҳозирда koronavirus-test.uz ахборот тизимига қуйидаги 40 та лаборатория уланган бўлиб, уларда "COVID-19"ни аниқлаш учун топширилган ПЗР тестлари натижаларини @coronavirustest_testingbot Телеграм-боти орқали билиш мумкин.

Савол: Мен коронавирусдан тузалдим ва ўзимни яхши ҳис қиляпман. Қачон яна ҳид ва таъм билишни бошлайман? Кўпчилик танишларимда шундай муаммо кузатиляпти.

Жавоб: Ҳид ва таъм билиш хусусияти қачон қайтиши борасида аниқ жавоб йўқ. Бу ҳаммада ҳар хил кечувчи жараён. COVID-19да вирус асаб тизими, жумладан, унинг ҳид ва таъм билишга жавоб берувчи қисмига таъсир қилади.

Баъзи беморларда ҳид ва таъм ҳисси жуда тез қайтади, баъзиларда эса тузалишдан бир неча ой ўтиб ҳам қайтгани йўқ. Бундан ташқари айрим беморлар нохуш ҳид ва таъмларнинг пайдо бўлганини билдиришмоқда. Шундай экан, шикастланган асаб ҳужайралари тиклангунга қадар кутиш лозим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер