Николай пошшо Уста Абдуғафурга қандай совға берганди? Ёхуд жумбоғли шишалар ҳақида

10:45 12 Март 2021 Жамият
1541 0

Бухоро шаҳридаги Ф. Хўжаев уй-музейида бўлган кишининг эътиборини тортадиган экспонатлар кўп. Осори атиқалар орасида бир-бирига қуйиб қўйгандек ўхшаш икки шиша идиш ва улар ичига туширилган ғаройиб гулзор тасвири алоҳида ажралиб туради.

Уни «чорпоя устидаги гулзор» ҳам дейиш мумкин.Чунки шиша идиш ичида мўъжазгина чорпоя бор.Гулзор унинг устида қад ростлаган.

— Мутахассислар машрафа деб атаган бу шиша идиш ичига уста қандай қилиб чорпоя ва гулзорни жойлаштиргани кўпчилик учун жумбоқ, — дейди музей ходими Дилнавоз Болтаева.

Табиийки, бу мўъжизанинг ижодкори ким, у қаердан олиб келинган, деган саволлар туғилади. Биринчи саволга машрафанинг кўксига ёпиштирилган ёрлиқдан жавоб топиш мумкин. Унда араб ёзувида битик бор. Таржима қилинганда «Бу Фақир Муҳаммаднинг иши. Пешовар.1322 ҳижрий йили...» ёзувини ўқиш мумкин. Бинобарин, машрафа 1890 йилда покистонлик ҳунарманд томонидан ижод қилинган.

Иккинчи саволнинг жавоби эса бевосита Ситораи Моҳи Хоссадаги янги сарой қурилишига бориб тақалади. Гап шундаки, Бухоро амири Саййид Олимхон бир гуруҳ қурувчи-меъморларни бўлғуси сарой лойиҳасини тайёрлаш мақсадида Санкт-Петербургга жўнатган. Уларга Уста Абдуғафур бошчилик қилган.

— Уста Абдуғафур Санкт-Петербургдан Бухоро шаҳрига саройнинг янги лойиҳаси ҳамда совға-саломлар билан қайтган, — дейди таниқли музейшунос олим, санъатшунослик фанлари номзоди Қорёғди Жумаев. — Бу совғалар орасида ичида атиргул туширилган арабий ёзувли учта машрафа — шиша идиш бўлган. Шуларнинг бир жуфтини уста ҳукмдорга совға қилган, биттасини эса эсдалик сифатида хонадонида қолдирган.

Буни қарангки, «шишадаги мўъжиза» дея таъриф берилган машрафанинг учинчиси ҳам сақланиб қолган экан. У Ғиждувон шаҳридаги Нодирабегим маҳалла фуқаролар йиғини Юсуф Ҳамадоний кўчасида истиқомат қилувчи Абдураҳмон Тўхтаев хонадонида кўз қорачиғидек асраб келинмоқда.

— Бобом Абдуғафур мирохур, яъни устабоши мақомида Ситораи Моҳи Хоссада ишлаган, — дейди 77 ёшни қаршилаган Абдураҳмон ота. —Усталарга бош бўлиб Санкт-Петербургга борган. Амир Олимхоннинг мактабдоши Николай пошшо билан учрашган. Николай пошшо унга мана шу машрафани совға қилган.

— Бобокалонимиз Санкт-Петербург сафаридан «Зингер» русумли тикув машинкаси ҳам олиб қайтганлар, — дейди Абдураҳмон отанинг фарзанди Бобиржон Тўхтаев. — Биз бу тарихий осори атиқаларни табаррук билиб, уйимиз тўрида асраб келяпмиз.

Машрафага келсак, фикримизча, мутахассислар уни атрофлича ўрганишлари керак.Негаки, Шарқда халқ амалий санъати усталари одатда, ранглар, гуллар ва бошқа воситалар орқали ўз асарлари мағзига рамзий маъноларни сингдиришган.Шиша ичидаги мўъжаз чорпоя ва унинг устидаги гулзор тасвирида қандай маънолар мужассамлиги кўпчиликни, жумладан, сайёҳларни ҳам қизиқтириши табиий.

Истам ИБРОҲИМОВ,

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер