Никоҳ шартномаси керакми?

20:11 26 Ноябрь 2021 Жамият
1454 0

“Эрим билан ажрашгач, икки болам билан қолдим. Лекин ота уйимда бир йил яшадим, холос. Укаларим уйлангач, ҳовли бизга торлик қила бошлади. Алоҳида уй-жойга эса маблағ керак. Тўғри, собиқ эрим зиммасига алимент тўлаб бориш юклатилди, лекин ҳар ойда бериладиган 300-400 минг сўм билан нима ҳам қила олардим? Агар никоҳ шартномамиз бўлганида ажрашиш пайтида маълум мулкни ажратиб беришарди, фарзандларим ҳам сарсон бўлмасди...”, дейди исми сир қолишини истаган тошлоқлик аёл.

Кўпчилик истамайди...

– Аввало, никоҳ шартномаси ёзма шаклда, нотариал тасдиқланган ҳолда тузилади. У муддатли ва муддатсиз ҳам бўлиши мумкин. Мазкур шартнома никоҳ қайд этилгандан кейингина кучга киради,– дейди Фарғона тумани 2-сон ФҲДЁ бўлими мудири Шаҳноза Имомова. – Афсуски, узлуксиз тарғиб қилиб, тушунтириш ишлари олиб борсак ҳам, аксарият никоҳланувчилар ихтиёрий тарзда мазкур шартномани тузишни исташмайди. Кўпчилиги шартнома қонун-қоидалари билан танишганда, “Турмушимизни ёмон ниятлар билан бошлаймизми”, дея истиҳола қилади. Баъзан хорижда ўқиб-ишловчи ёшларимизгина тушунган ҳолда никоҳ шартномасига истак билдирадилар. Лекин бу жуда кам учрайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 6-боби (Эр ва хотин мол-мулкининг шартномавий тартиби)га никоҳ шартномаси ҳақидаги моддалар киритилган. Жумладан, 29-моддага кўра, никоҳ шартномаси – никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишувидир.

Қонунчиликка ўзгартириш киритиш зарур

– 2021 йилнинг 10 ойи натижаларига кўра, вилоятимизда 3 минг 261 та ажрим қайд этилган (2020 йилнинг шу даврига нисбатан 1317 тага ошган). Рақамлар таҳлил қилинганда, Фарғона, Қўқон, Марғилон шаҳарлари ҳамда Сўх, Қува, Тошлоқ туманларида ажримлар сони нисбатан юқори, – дейди Фарғона вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Тўлқиной Тожиева. – Ажрим ёқасига келиб қолган оилалар сони ҳам кишини ўйга толдиради: 2564 та! Жойларда ташкил этилган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида никоҳланувчи йигит-қизларга оила илмидан етарлича билим берилмаётгани, ҳатто баъзи туманларда ушбу марказлар фаолияти қониқарли эмаслиги асосий муаммолардан биридир. Ачинарлиси, ноқонуний, яъни шаръий никоҳда яшаётган оилалар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда.

Эр йигитлар масъулиятни эсдан чиқариб қўймоқда

– Шукрки, бугун ўзининг ибратли ҳаёти ила барчамизга намуна бўлаётганлар ҳам талайгина. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, оиланинг қадри ва шаънини топтаётган, никоҳнинг муқаддаслигини унутаётганлар ҳам бор, – дейди Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ Абдуллаев. – Зеро, никоҳ боғланиши, янги оиланинг вужудга келиши Аллоҳ учун ёқимли бир ҳол бўлса, оиланинг ажралиши, никоҳнинг бузилиши эса Унинг ғазабини келтиради. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ ўзи рухсат бериб, ҳалол қилган нарсалар ичида ўзи энг ёмон кўрадигани талоқдир», деганлар.

Афсуски, охирги вақтда никоҳга панжа орасидан қараладиган бўлиб қолди. Келин бутун умрини бахшида қилиб, ота-онаси измидан чиқиб, эрининг измига киради. Куёв қизни омонат ўлароқ қабул қилади. Боқиши, ўқитиши, касал бўлса даволатиши, ҳамма масъулиятни ўз бўйнига олиши керак.

Қайд этиш лозимки, оилавий ажримдан, аввало, аёл ва вояга етмаган болалар азият чекмоқда. Айрим ҳолларда оиладаги турли келишмовчиликлар туфайли ёш оила пароканда бўлиб, норасидаларнинг моддий таъминоти, руҳияти, тарбияси, тақдири, келажаги саволлар остида қоляпти.

Тўғри, никоҳ ҳақидаги расмий гувоҳнома олингандан сўнг шариат бўйича никоҳ ўқилганда куёв бўлмиш зиммасига “Маҳр” деб аталувчи масъулиятли вазифа юклатилади. Лекин бу вазифани аксарият эр йигитлар тўйдан кейиноқ эсдан чиқариб қўймоқдалар. Аслида, маҳр – эрнинг умри мобайнида бериладиган нарса бўлиб, шароити кўтарса тезроқ берса, янада яхши бўлади.

Фақат ажрим учун тузилмайди

Никоҳ шартномасида ҳар ким ўз тасарруфидаги мулкни ўзи мустақил бошқариши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Никоҳ бекор қилинган тақдирда ҳар кимнинг мол-мулки ўзида қолиши ва иккинчи тараф бу мулкни талаб қилишга ҳақли эмаслиги ҳақида банд киритилган. Бу эса никоҳ шартномасининг фақатгина ажрим учун тузилмаслигини англатади.

Никоҳ шартномаси оила мустаҳкамлигининг гарови ҳисобланади, никоҳнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларини зиммасига олиб, имзо чеккандан кейин ҳар икки тарафнинг масъулияти ошиши табиий. Умуман, никоҳ шарномаси ўзаро ишонч ва мустаҳкам муносабатлар гаровидир. Бинобарин, оила қуриш остонасида турган йигит-қизлар никоҳ шартномаси ҳаётий зарурат эканини ёддан чиқармасликлари лозим.

Ҳаётжон Бойбобоев,

журналист,

Фарғона вилояти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер