Нега ёшлар ўртасида ажримлар сони ортмоқда?

16:39 15 Декабрь 2022 Жамият
1049 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Ёшлар масалалари бўйича комиссия томонидан эшитув ўтказилди.

Унда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Р. Турдибоеванинг «Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва оила муқаддаслиги ғояларини кенг тарғиб қилиш, эрта турмуш қуриш ва ёш оилалар ажралишининг олдини олиш тўғрисида»ги ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, юртимизда азалдан оила муқаддас қўрғон сифатида эъзозланган. Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда шубҳасиз, оиланинг ўрни беқиёс. Асосий қонунимизда ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Аммо сўнгги пайтларда қизларни эрта турмушга бериш, уларнинг орзулари, интилишлари билан қизиқмаслик туфайли оилавий ажримлар сони ортмоқда. Ачинарлиси, ёшларни оилага тайёрлаш, масъулиятни ўргатиш ўрнига дабдабага, мол дунёга ўчлик, шов-шувларга интилиш ҳолатлари оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда оилалар сони 9 503 244 та бўлиб, ундан 30 ёшгача бўлган ёш оилалар сони 2 886 296 тани,биргина жорий йилнинг октябрь ойи якунига кўра эса янги расмийлаштирилган никоҳлар сони 214 923 тани ташкил этмоқда.

Лекин 2022 йилнинг январь-октябрь ойларида 40 200 та оилавий ажримлар қайд этилган. Оила қурганига 5 йил тўлмаган оилалар ўртасидаги ажримлар эса 17 628 тани ташкил этади.

Эшитув давомида депутатлар қўмита томонидан оилавий ажримлар олдини олиш, қизларни эрта турмушга узатиш борасида қандай ишлар амалга оширилаётгани билан қизиқди.

Р.Турдибоеванинг айтишича, никоҳланувчи шахсларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва ажримларни олдини олиш мақсадида 60 580 нафар никоҳланувчи шахслар Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида ўқитилган. «Фаровон оила келажак пойдевори» шиори остида оилаларни мустаҳкамлаш борасида 109 594 та тарғибот тадбирлари ўтказилган. Энг муҳими, 12 710 нафар ноқонуний никоҳ асосида яшаб келаётган оилаларнинг никоҳи қонуний расмийлаштирилган.

Шунингдек, низоли оилалар билан индивидуал ишлаш механизмини жорий этиш бўйича маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари учун «Низоли оилалар билан ишлаш индивидуал дафтари» амалиётга татбиқ этилиб, ушбу механизм орқали ажрим ёқасига келиб қолган 23 804 нафар низоли оилалар барқарорлаштирилган.

Ахборотда келтирилганидек, эрта никоҳ, эрта туғруқни олдини олиш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинган. Хусусан, эрта никоҳ, эрта туғруқ ва исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш бўйича 33 509 та тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда таълим муассасаларида «Қизларжон клуби» билан қизларнинг репродуктив саломатлиги, соғлом турмуш тарзи бўйича волонтёр қизларни тайёрлаб тенгдош – тенгдошга тамойили асосида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Депутатлар қўмита томонидан оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, қадриятларни тарғиб қилиш ва ажримларни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга қарамай, ёшлар ўртасида ажримлар сони камаймаётганини қайд этди.

Бу борада маҳаллаларда хотин-қизлар фаоли фуқаролар билан кўпроқ ишлаши, тушунтириш ишларини олиб бориши ва жамоатчилик назорати институтини айни йўналишда кучайтириш самарали натижа бериши таъкидланди. Мазкур йўналишда олиб борилган ишлар кўлами камлиги, ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги айтилиб, қўмитанинг фаолияти танқидий баҳоланди.

Эшитув давомида қуйи бўғинда тарғиботни кучайтириш, фақат қизларни эмас йигитларни ҳам оилага тайёрлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш, энг асосийси ёшларни ўқитиш, маълумотли қилиш, касб-ҳунарли қилиб кейин турмушга узатиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Фаолиятда самарадорликка эришиш учун бирлашиш ва муаммолар учун бирга курашиш лозимлиги таъкидланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер