Нега тадбиркорни қўллаб-қувватламайсиз? 

11:10 24 Апрель 2018 Иқтисодиёт
2320 0
Фото: mirishkor.uz

Ўрганишларда мутасадди раҳбарлар эътибори ушбу саволга қаратилди.

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда парламент аъзолари жойларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказаяпти, Президентимиз томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлари ижросини ўрганмоқда. Бу галги учрашувларда депутат ҳамда сенаторлар халқ ишончини қозониш, манфаатларини муҳофаза этишда таъсирчан механизмларни ҳаётга татбиқ қилишга алоҳида эътибор қаратишаётир.

Чунончи, Бухоро вилоятининг Когон туманида тиббий хизмат, хусусан, бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш аҳволини ўрганаётган халқ вакиллари диққатини Сараён маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг мурожаати тортди. Маълум бўлишича, бу ердаги қишлоқ врачлик пункти фаолияти айрим сабабларга кўра тўхтатилган. Зарурат туғилганда, одамларнинг чамаси 9 километр олисдаги ҚВПга боришларига тўғри келмоқда.

“Барча қулайликка эга бинода пунктнинг филиали очилса, шу ҳудудда яшовчи кексалар ва ёш оналар учун айни муддао бўларди”, деган таклиф инобатга олинди. Бу ерда доимий ишловчи ҳамшира ҳамда навбатчи врач фаолияти йўлга қўйилди. Шу тариқа бир муаммога жойида ечим топилди.

— Биз ўрганиш жараёнига халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларини ҳам жалб этдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назир Собиров. — Бу ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни чуқур билиш имконини бермоқда. Секторлар фаолияти, жойларда аҳолини қийнаб келаётган масалаларни ўрганаётиб, туманда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганига ҳам амин бўлдик. Шу билан бирга, фуқаролардан табиий газ босими пастлиги, ички йўлларнинг носозлиги хусусида кўплаб эътирозлар тушмоқда. Биз муаммоларни шу ернинг ўзида ҳал қилишга эътибор қаратаяпмиз. Дейлик, 2,5 километр масофага қувур тортилиб, табиий газ таъминотини яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Ҳудудда ер ости зах сувлари кўтарилгани боис 2 та дренаж тармоғини қуриш ҳақидаги мурожаат ҳам ечимини топаётир.

Ўрганиш давомида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги фуқаролар банкдан имтиёзли кредит олишда сунъий тўсиқларга дуч келишаётгани аниқланди. Масалан, 4-сектор бўйича мазкур масалада 42 та ариза тушган. Жорий йилнинг дастлабки чорагида уларнинг атиги 5 таси ижобий ҳал этилган, холос. Ёки бошқа бир мисол: Фаровон қишлоғида яшовчи фермер Ойбек Қурбонов айни дамда 200 асалари оиласини парвариш қилаяпти. Асаларидан нафақат асал, балки бир қатор шифобахш маҳсулотлар ҳам олмоқда. Фермер уларни экспортга чиқариш ниятида. Аммо тадбиркорга бу борада ёрдам қўлини чўзадиган ташкилот ёки мутасадди раҳбар топилмаяпти. Сектор раҳбарлари эътибори масаланинг ана шу жиҳатига қаратилди.

Депутатлар эҳтиёжманд фуқаролар мушкулини енгиллаштиришдек хайрли юмушга ҳам бош қўшишмоқда. Айнан уларнинг аралашуви билан ногиронлиги бўлган фуқаролар Руқия Ширинова ҳамда Раҳмон Жўраевга таянма аравачалар олиб берилди.

Парламент вакилларининг халқ билан мулоқотлари жойларда давом этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер