Нега “Катта Қашқар”да кам таъминланган оилалар йўқ?

11:17 08 Ноябрь 2021 Жамият
804 0

Фото: "Халқ сўзи"

Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги “Катта Қашқар” МФЙда икки мингдан ошиқ хонадонда 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳолисининг 90 фоизи ўз томорқасида иссиқхона ташкил этган бўлиб, лимончилик соҳасида жуда катта тажрибага эга.

Туманнинг энг йирик маҳаллаларидан ҳисобланувчи “Катта Қашқар” аҳолиси тасарруфида 149,1 гектар томорқа мавжуд бўлиб, лимоннинг энг харидоргир ва бозорбоп навлари парваришланади. Шу боис бу ерда етиштирилган лимон асосан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларига экспорт қилинади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иброҳим Холматовнинг айтишича, тажрибали томорқачилар янги навларни маҳаллийлаштириш, ҳосилдорлик салмоғини ошириш ҳамда экспорт имкониятларини янада кенгайтириш борасида доимо изланишда. Шу мақсадда мунтазам равишда Фарғона водийси вилоятлари миришкор лимончилари билан ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилган.

-Хонадонимизда 6 сотих ерда иссиқхона ташкил этганмиз, - дейди маҳалланинг энг машҳур лимончиларидан бири Махпирали Қамбаров. – Ҳозирги кунда ички бозорда бир килограмм лимон 20 минг сўм. Бир йилда икки-уч маротаба – ўртача 3 тоннагача  ҳосил олиш орқали 55-60 миллион сўмгача даромад оламиз.

Тадбиркорлар лимонни шу ернинг ўзида қадоқлаб, қўшни мамлакатлар ҳамда Россияга экспорт қилмоқдалар. Йилнинг тўрт фаслида ҳам маҳалладошлар томорқа, боғдорчилик юмушлари билан машғул. Дарвоқе, “Катта Қашқар”да ҳамма бирдек омилкор бўлгани боис ҳам бу ерда кам таъминланган оилалар йўқ.

   Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.       

            

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер