Нега болаларимизни репетиторга берамиз?
Бугун юртимиздаги кўплаб ота-оналарни ўйлантираётган бу савол замиридаги ҳақиқатларни ҳар ким турлича талқин қилади. Афсуски, рўзғоридан, оиладаги кам-кўстлардан орттириб, фарзанди келгусида олий таълим муассасасига кира олиши учун уни пул тўлаб қўшимча машғулотларга, репетиторларга йўналтираётган ота-оналарнинг сафи кенгайса кенгаймоқдаки, камайгани йўқ.
Хўш, бу мактабларимизда таълим сифатининг қониқарли эмаслигидан далолатми ёки ўқувчи билан якка тартибда ишлаш усули барибир яхши натижа беришининг исботими?
-Ҳар қандай шароитда ҳам ўқувчи мактабда олган таълимидан қониқиши керак,-дейди Избоскан туманидаги 33-умумтаълим мактаби директори ўринбосари Дилдора Тўхтаназарова. – Агар одатий дарслардаги таълим даражаси уларни қониқтирмаётган бўлса, биз, ўқитувчилар репетиторлик фаолияти асосида қўшимча дарс ўтишга мажбурмиз.
Дарвоқе, Дилдора каби ўз касбининг фидойилари ташаббуси билан ушбу мактабда бепул репетиторлик машғулотларига асос солинди. Унга, шунингдек, яқин ҳудудлардаги 21- ва 32-умумтаълим мактабларининг тажрибали ўқитувчилари ҳам жалб этилди. Натижада ДТМ билан хамкорликда блок тестлар олиниб, мактаб битирувчиларини мақсадли, яьни тўғри йуналиш танлашига кўмаклашилмоқда. Бу хайрли иш ўқувчилар учун катта имконият эшикларини очиш билан бир қаторда мактаб битирувчиларини олий таълимга жалб қилишда муваффақиятли тажриба бўлиши шубҳасиз.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг