Нега асал нархи гўштникидан қиммат?

12:10 26 Ноябрь 2021 Жамият
1420 0

Фото: "Халқ сўзи"

Самарқанд ветеринария медицинаси институтида  USAID (АҚШ)нинг “Ўзбекистонда агробизнесни ривожлантириш” лойиҳаси ҳамда  Самарқанд вилоят асаларичилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Асал қиймат занжирини ривожлантириш, энг илғор тажрибалар, муаммолар ва имкониятлар” мавзусида семинар-тренинг ўтказилмоқда.  Унда асаларичилик хўжаликлари мутахассислари, бошловчи асаларичилар ва тадқиқотчи амалиётчилар  ҳамда талаба-ёшлар иштирок этмоқда.

Табиий шифобахш неъмат ҳисобланган асал маҳсулотини етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш борасида мамлакатимизда қандай илғор тажрибалар мавжуд? Семинарда лойиҳа координаторлари ва бу соҳада катта муваффақиятларни қўлга киритган мутахассислар айни йўналишда қизиқарли тақдимотларни намойиш этаётир.

– Асаларичиликни китобдан ўқиб ўрганиб бўлмайди,  уни юриб, кўриб, машаққатини ҳис қилиб  ўрганиш мумкин,– дейди Фарғона вилояти асаларичилар уюшмаси  аъзоси,  тадбиркор Шерали Суярқулов. – Тўғри, ҳозир интернетдан  ҳамма нарсани топишнинг иложи бор, аммо бу камлик қилади.  Бу ишни бошлаш учун сизда, аввало, яхши ғоя, сўнг яхши устоз бўлиши керак. Мен ўзим 11 ёшимда болалик қизиқиши  билан  2 қутида асалари  боқишни бошладим.  Фарғона шаҳрида яшаганмиз, рус миллатига мансуб киши устозлик қилган. Кўп қаватли асалари уясидан фойдаланардик. Бизнинг маҳаллий шароитда  эса оддий асалари уя -қутиларидан фойдаланиш самаралироқ.

Асаларичилик чиндан ҳам анча даромадли. Иш тўғри ташкил қилинса, ундан салмоқли маблағ топиш мумкин. Бозорда бир килоси 90 минг сўм  атрофида  бўлган бу неъмат табиийлиги, тозалиги ва меҳнатининг машаққати боис ҳозирги кунда гўшт нархидан ҳам қиммат. Унинг прополиси, гулчанги, муми, сути ва ҳатто асалари заҳридан табобатда кенг фойдаланилади.

Семинар-тренингда мутахассислар томонидан асаларичилик хўжалигини очиш, асалариларни парвариш қилиш ва илғор технологиялар борасида иштирокчиларга қимматли маълумотлар берилди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер