Нефть ва коронавирус: Қозоғистонда доллар курси пасайди
Жаҳон бозорида нефть нархининг ошиши танганинг 21,27 пункт мустаҳкамланишига олиб келди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банкининг раиси Эрболат Досаев маълум қилди.
“Валюта бозоридаги вазият фундаментал ташқи омиллар таъсири остида ривожланмоқда. ОПЕК+ битимининг муваффақиятсизлиги, Россия рублининг заифлашиши ва коронавируснинг тез тарқалиши сабабли, жорий йилнинг март ойида 1 баррель нефть нархининг 22,7 долларгача, йил бошидан бери эса 2,9 марта пасайиши, ички валюта бозорига босим ўтказди. Шу билан бирга, жорий йилнинг март ойида, танганинг айирбошлаш курси бир АҚШ доллари учун 447,7 тангагача пасайди. Молиявий барқарорликни таъминлаш ва спекулятив операцияларни чеклаш учун Миллий банк жорий йилнинг 10 мартидан интервенция олиб бора бошлади.
Шунингдек, валюта бозорида талаб ва таклиф мувозанатини ошириш мақсадида Ҳукумат билан биргаликда валюта таклифини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилди. Бунга квазидавлат сектори субъектлари томонидан экспорт қилинадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотиш ва Қозоғистоннинг иккинчи даражали банкларидаги ҳисоб-варақларга чет эл валютасидаги омонатларни ўтказиш, юридик шахсларга чет эл валютасини сотиб олиш/сотиш бўйича талабларни кучайтириш киради”, — деди Эрболат Досаев.
Банк раисининг сўзларига кўра, жаҳон бозорида нефт нархининг кўтарилиши ва кўрилган чоралар натижасида 1 АҚШ долларининг тангага нисбатан курси жорий йилнинг 13 апрелида 427,25 тангага ёки 19 мартдаги 448,5 курсидан 21,27 тангага пасайиши кузатилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг