Назиранинг беназир асарлари кўргазмаси
Наманган вилояти тарихи ва маданияти музейида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси фоторассом шўъбаси аъзоси, журналист, шоира Назирахон Боймуродованинг «Водийларни кезарман дилхуш» деб номланган фотосанъати ижодий кўргазмаси очилди.
Кўргазмада фотоижодкорнинг юртимиз бетакрор гўзал манзаралари, кейинги йилларда мамлакатимизда бўй кўрсатаётган бунёдкорлик самаралари, тобора гуллаб-яшнаб бораётган ҳудудларимиз, халқимизнинг фаровон ҳаёти, вилоятларда ўтказиб келинаётган байрам, фестиваль сингари ва бошқа ўзига хос маданий тадбирларни тарихга муҳрлаган икки юздан зиёд фотосуратлар кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
— Бугун мамлакатимизда кечаётган улуғвор ишларнинг ҳар бир лаҳзаси суратларга муҳрлаб қўйишга арзигулик. Водий бўйлаб ташкил қилаётган кўргазмаларимизни юртдошларимиз ўзгача бир иштиёқ билан келиб томоша қилиб кетишаётганидан жуда мамнунман, — дейди Назира Боймуродова. — Чунки, мен фотосанъати орқали она-ватанимизга бўлган сидқидил муҳаббатимни изҳор қилиш билан бирга билан халқимизнинг бой маданий мероси, урф-одат ва қадриятларини, шунингдек миллатлараро дўстлик, бағрикенглик анъаналарини улуғловчи ижодий ишларимни келажак авлод, буюк тарихимиз учун қолдириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ўз ҳиссамни қўшиш мақсадида бошқа ишлардан ўзимни озод қилиб шундай кўргазмалар ўтказишни ният қилганман.
Кўргазма доирасида Назира Боймуродова юз нафарга яқин фотоҳаваскор ёшлар билан ижодий мулоқот қилиб, улар учун маҳорат дарслари ўтиб берди.
Кўргазма 15 апрелига қадар намойиш қилинади.
Акрамжон Сатторов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг