Навзандак обод қишлоққа айланмоқда
Фото: «Халқ сўзи»
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги Навзандак маҳалласи жорий йилда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бўлиб, ўтган даврда бу ерда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Натижада ҳудудда қатор хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектлари қад кўтариб, қишлоқ таниб бўлмас қиёфа касб этиб бормоқда.
Куни кеча қишлоқ аҳлининг чексиз қувончига сабаб бўлган 120 ўринли, замонавий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди.
Бунгача қишлоқда мактабгача таълим ташкилоти бўлмаган. Болалар қўшни қишлоқлардаги боғчаларга қатнаган. Шу боис “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида 2,6 миллиард сўм маблағ эвазига қурилган уч қаватли, шинам бу масканнинг очилиши каттаю кичикни бирдек қувонтирди.
Бундан ташқари “Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳудудда жойлашган қишлоқ патронаж пункти биноси ҳам янгидан қурилди. Маҳаллий бюджет ҳисобидан 878 миллион сўм маблағ йўналтирилган ушбу муассаса 50 қатновга мўлжалланган.
Янги йил байрами арафасида ҳар иккала объектнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда туман ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари, қишлоқ фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди. Қишлоқнинг кун сайин кўркамлашиб ва шунга монанд турмуш шароитлари ҳам тобора яхшиланиб бораётганидан мамнун навзандакликлар янги йилни розилик ҳисси билан, шоду хуррамликда кутиб олаётганликларидан бахтиёрлигини эътироф этдилар.
Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг