Навоийга таъзим
"Халқ сўзи" газетаси босма ва онлайн нашрининг доимий ҳамкор муаллифларидан бири, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев ўзининг таҳлилий мақолалари, долзарб чиқишлари билан ўқувчиларимиз меҳрини қозонган. Эътиборлиси, депутатимиз назмда ижод ҳам турар эканлар. Хусусан, 1991 йил Мир Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишлаб ёзган шеърини 2021 йилда бироз ўзгартириб, бизга жўнатибди. Самимият ва чексиз фахрга йўғрилган ижод маҳсулини сизга ҳам илиндик.
Навоийга таъзим
Ота – бобом авлоди – улуғ Навоий,
Барча халқ бобосига айландинг.
Асрлар ўтаркан, ёшариб мангу –
Шеърият султони этиб сайландинг.
Достонларинг дастур бўлди олимларга,
Ҳақ сўзларинг кескир қилич золимларга.
Сен яратган она тилни кимки бузар
Уят бундай юртдош эру–хонимларга.
Беш юз саксон йил ҳали муддатми бу
Ғазалларинг янграр асри олдинда–ку!
Занжирбанд тил занжирини ахир узди,
Куйламоқни бошлар халқим – паймони шу.
Мерос этиб, сен қолдирган шеъру ғазал,
Инсон руҳин кўкка ундаб янграр азал.
Замонанинг садоси бор ҳар байтингда
Худди кеча ёзилгандек мос ва тугал.
Доно-доно ҳикматларинг дур-жавоҳир,
Фарҳодларинг мардлар ичра энг баҳодир
Буюклигинг олдида хўп таъзим этиб,
Шеъринг уқиб, руҳингни шод этар Нодир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг