Навоийдаги ногиронлар уйида тикув цехи очилди  

15:03 19 Ноябрь 2021 Жамият
1279 0

Фото: "Халқ сўзи"

Навоий шаҳридаги собиқ ётоқхона 2017 йилда  ногиронлар учун турар-жойга айлантирилиб, 21 оила истиқомат қилиши учун барча шарт-шароит яратилган эди.  Яқинда  ушбу иншоотнинг ертўла қисмида Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилоят бошқармаси ташаббуси билан 30 иш ўринли тикув цехи ташкил этилди.

- Битта фарзандим бор, - дейди иккинчи гуруҳ ногирони Бекзод Раҳимов. – Ушбу цехда турмуш ўртоғим билан ишга жойлашдик. Қулайлиги - ишга бориш учун икки қават пастга тушишнинг ўзи кифоя.

Мазкур тикув цехининг очилиши натижасида у жойлашган “Тинчлик” МФЙдан “Аёллар дафтари”га киритилган тўққиз нафар оила бекаси ҳам ўз даромад манбаига эга бўлди. Тикувчи сифатида иш бошлаган Мадина Бобоева шулардан бири бўлиб, қарамоғида икки фарзанди бор.

- Ниҳоятда хурсандмиз, - дейди М. Бобоева. - Бирор бир байрам ва тадбир баҳона бизга доимий ғамхўрлик ва саховат кўрсатилади. Бундан  ниҳоятда миннатдормиз. Лекин ўз иш жойингга эга бўлиб, ўз пешона теринг билан топганинг барибир бошқача-да.

Албатта, ҳаётда жисмоний имкониятлари чекланган бу инсонларнинг орзу-истак ва эҳтиёжлари чекланмаган. Уларнинг ниятларига етиши, меҳнатларидан ҳузур-ҳаловат топиши учун шарт-шароит яратиш инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир.

Темур ЭШБОЕВ, "Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер