Навоийда тадбиркор қурган мактаб ўз эшикларини очди
Фото: “Халқ сўзи”
Бугун Навоий вилоятининг ҳам 366 та умумтаълим мактабларида биринчи қўнғироқ садолари янграб, янги ўқув йили бошланганидан дарак берди. Ушбу мактабларнинг 5 таси мутлақо янгидан қурилган бўлса, 33 таси реконструкция ва тубдан таъмирлаш ишлари натижасида янги қиёфа ва имкониятларга эга бўлди.
Шулардан бири Навоий шаҳрининг “Фаровон” маҳалласидаги 22-умумтаълим мактаби эса янги маҳалла аҳлининг фарзандлари учун тадбиркор Абдукарим Саксоновнинг янги ўқув йилига муносиб туҳфаси бўлди.
Мактаб қурилишига тадбиркор томонидан 23 миллиард сўм ҳомийлик маблағи йўналтирилиб, 990 ўринли(бир сменада), беш қаватли бино янгидан тикланди. Замонавий компьютер ва ўқув- лаборатория ускуналари билан жиҳозланди. Шунингдек, ўқувчиларнинг касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишларини қаноатлантиришда барча имкониятларга эга устахоналар, 300 ўринга мўлжалланган мактаб ошхонаси, тадбирлар зали ва бошқа бир қатор қўшимча ўқув хоналари ўқувчи ёшларга замон талаби асосида таълим олишларини тақдим этади.
— Мактабимиз педагогик жамоаси танлов асосида таркиб топди, — дейди мактаб директори Хуршида Қаландарова. — Салкам 1200 нафар номзодлар ичидан 70 нафар ўқитувчини танлаб олдик. Ўқувчиларимизга келсак, асосан маҳалламизнинг фарзандлари қабул қилинди.
Дарвоқе, “Фаровон” маҳалласи сўнгги беш-олти йилда бунёд этилган янги массив. Бу ердаги кўп қаватли уйларнинг аксариятини тадбиркор раҳбарлик қилаётган масъулияти чекланган жамият томонидан қурилган.
— Ушбу мактаб нафақат фарзандларимиз, балки биз ота-оналар учун ҳам мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллиги ва янги ўқув йилига ажойиб совға бўлди, — дейди маҳалла аҳли номидан Элёр Шодиев. — Албатта, ушбу мактаб туфайли эндиликда биз ота-оналар фарзандлар тарбияси йўлида ўзаро ҳамкорлик қилиш ва янада бирлашиш имкониятига эга бўламиз.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, янги ўқув йилидан Навоий вилоятининг умумтаълим тизимида 3880та янги ўқувчи ўрни яратилиб, 21025 нафар ўғил-қиз илк бор мактаб остонасига қадам қўйди.
Мактабнинг очилиш маросимида унинг биринчи синфига қабул қилинган болаларга дарслик ва ўқув қуролларидан иборат “Президент совғаси” топширилиб, тақдимот тантаналарида вилоят ҳокими Н. Турсунов иштирок этди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг