Навоийда шоир сиймосига эҳтиром кўрсатилди

16:14 09 Февраль 2024 Жамият
433 0

Нафақат миллатимиз, балки барча туркий халқлар ва ҳатто жаҳон адабиётининг улуғ сиймоларидан бири бўлган Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги Навоий шаҳридаги шоирнинг муаззам ҳайкали пойига кенг жамоатчиликнинг гулчамбарлар қўйиш билан бошланди.

Шу ернинг ўзида вилоят ҳокими Нормат Турсунов тадбир иштирокчиларини қутлаб, улуғ мутафаккир шоир асарларида теран ифода топган миллий ва умуминсоний ғояларнинг жаҳон тамаддунида тутган ўрнини ҳамда ўсиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар қалбида юксак ахлоқий фазилатларни тарбиялашдаги беқиёс аҳамиятига эътибор қаратди.

— Бугун дунёга янги тафаккур ва ёруғ юз билан қараётган Ўзбекистонда Президентимизнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган эзгу тамойилида ҳазрат Навоий орзуларининг рўёби ўз ифодасини топмоқда, — деди вилоят ҳокими. — Зеро, Навоий бобомиз халқ ғамини ўйламайдиган, унинг дардларини тингламайдиган кишиларни ҳақиқий инсон деб бўлмаслигини таъкидлаб, “Менга юз жафо етказсалар бир марта ҳам нолимайман, аммо халққа бир жафо қилсалар юз марта фарёд қиламан” деб ёзган эди. Қарийб олти аср ўтиб, ушбу даъват ҳазрат Навоий тилида сўзлайдиган мамлакатда давлат сиёсатининг устувор вазифаси сифатида белгиланиб, ҳар бир ислоҳотда ўз ифодасини топмоқда.

Тадбирда навоийшунос олимлар сўнгги йилларда мамлакатимизда шоир ҳаёти ва адабий меросини ўрганишда мисли кўрилмаган натижаларга эришилиб, юртимиз навоийшунослик тадқиқотлари марказига айланиб бораётганлигини таъкидладилар.

— Ҳазрат Навоий адабий меросининг улуғ қудрати руҳий тарбиядир, — дейди навоийшунос олим Тоҳир Хўжаев. — Руҳий тарбия — инсон қалбининг озиғи, онгга қувват, ирода ва сабр берадиган куч. Тасаввуф уламоларимиз айтганларидек, қалбни тозаламай туриб, бирон нарсага эришиб бўлмайди. Инсоннинг қалби ислоҳ бўлсагина, бутун жисми тоза бўлади, покланади. Шу жиҳатдан Навоий адабий мероси қалб ислоҳотчиси, десак янглишмаймиз.

Тантаналар шаҳардаги вилоят Маънавият ва маърифат марказида шоир ғазаллари асосидаги қўшиқ ва уларга басталанган куй ҳамда рақслардан иборат катта концерт дастури билан давом этди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер