Навоийда Республика хавфли чиқиндиларни утилизация қилиш миллий мажмуаси барпо этилади
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов «Vision International Investment» компанияси вице-президенти, Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси бўйича бош ижрочи директори Силвер Делонени қабул қилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистонининг «Vision International Investment» ҳамда Франциянинг «SUEZ International» компаниялари билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда хавфли саноат чиқиндиларини қайта ишлаш» истиқболли инвестиция лойиҳаси доирасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича битим 2025 йил 11 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида «Vision International Investment» ва «SUEZ International» компаниялари ўртасида имзоланган.
— Ушбу битим хавфли саноат чиқиндиларини бошқариш соҳасида истиқболли лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни назарда тутади, — дейди Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Элбек Ғаффоров. — Лойиҳа доирасида Ўзбекистонда хавфли чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича илк миллий мажмуа барпо этилади. Бу, энг аввало, атроф-муҳитга етказилаётган салбий таъсирни камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига илғор технологиялар жорий этилиб, янги иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, ушбу лойиҳа орқали республика цемент заводлари учун иккиламчи ёқилғи ҳамда электр энергияси ишлаб чиқаришга хизмат қилувчи ресурслар яратилади.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 118 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Биринчи босқичда йиллик 250 минг тонна хавфли чиқиндиларни утилизация қилиш режалаштирилган.
Лойиҳани айнан Навоий вилоятида жойлаштиришга ҳудудда саноат сектори ривожлангани ҳамда кўп миқдорда саноат чиқиндилари ҳосил бўлиши асосий омиллардан бири бўлмоқда. Шу боис мажмуа саноат ҳудудларига, темир йўл ва муҳандислик коммуникация тизимларига яқин, ер қаъри геологик жиҳатдан чекловлар мавжуд бўлмаган майдонда жойлаштирилиши кўзда тутилган. Лойиҳа учун камида 50 гектар, келгусида кенгайиш имкониятларини инобатга олган ҳолда эса 100 гектаргача ер майдони талаб этилади.
Учрашув давомида лойиҳанинг мазкур ва бошқа ташкилий-техник жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг