Навоийда қўлбола ароқ ишлаб чиқариш ҳолати фош этилди
Навоий вилоятида қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотларининг савдоси фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Кармана тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Р.М.» оилавий корхонаси раҳбари Ш.Р. «Кумушкон» МФЙ ҳудудидаги хонадонида қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотларини савдо дўконида сотувга қўйганлиги аниқланган. Тадбир давомида 2 210 дона қалбаки акциз маркалар, 193 дона шиша идиш, 104 дона алкоголь маҳсулоти ва қўлбола усулда ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа жиҳозлар ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг