Навоийда қарийб йигирма беш йиллик танаффусдан сўнг пахта теримида машиналар ишлатилмоқда
Вилоятнинг Кармана тумани фермерлари жорий йилда етиштирилган пахта ҳосилини замонавий терим машиналарида теришга киришдилар.
Кеча тумандаги «Фарҳод» ва «Аҳмад Ўроқов» фермер хўжаликлари далаларига “Toшкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖда ишлаб чиқарилган «КEЙС-220» русумдаги терим машиналари туширилиб, йигирма беш йиллик танаффусдан сўнг илк бор бункерлардан пахта тўкилди.
Умумий қиймати 1 миллиард 250 миллион сўмлик мазкур техникалар 15 фоизлик банк кредитлари асосида 10 йил муддатга харид қилинган.
Айни пайтда бу каби тезкор ва сифатли терим машиналаридан биргина Кармана туманига 10 га яқини олиб келинди.
Мавсум давомида вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам худди шу каби замонавий, қудратли техникалардан бир нечта келтирилиши кутилмоқда.
Албатта, мавсумда машиналарнинг ишлатилиши қўл меҳнатини камайтириб, мажбурий меҳнатнинг олдини олишда ҳам қўл келади.
Сўз йиғим-теримда мажбурий меҳнат хусусида бораркан, Республика Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ вилоят хўжаликларида бўлиб, пахта йиғим-терими вақтида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун яратилган шароитларни ўрганмоқда.
Чунончи ишчи гуруҳ аъзолари Қизилтепа туманидаги, «Бахт текстиль» агрокластери ва 6 та фермер хўжалик пахта далаларида теримчилар билан учрашишиб, улар билан суҳбатлашди.
Кузатувлар жараёнида мазкур фермер хўжаликларида «темир дафтар»га киритилган 560 нафар теримчи билан шартнома имзоланганлиги, улар учун зарур шароитлар яратилганининг гувоҳи бўлишди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мутасаддиларга мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида топшириқ ва тавсиялар берилди.
Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг