Навоийда Ўзбекистонда ягона синов лабораторияси ишга туширилади
Фото: Иллюстратив фото
Мамлакатимиз раҳбари Навоий вилоятига илк ташрифидаёқ ҳудудда фақат йирик саноат корхоналарига суяниб қолиш тенденциясига босқичма-босқич барҳам бериш, имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда маҳаллий саноатни жадал ривожлантириш вазифаларини қўйган эди. Бу хусусий бизнес ва сармоядор тадбиркорлар учун қулай инвестицион иқлим ва ҳар бир ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш демакдир. «НКМК», «Навоий азот», «Қизилқумцемент», «Навоий ИEС» АЖлари каби йирик қувватлар фаолият кўрсатаётган Навоий шаҳрида давлатимиз раҳбари белгилаган ушбу вазифалар ижроси қандай, эришилган ютуқлар омили, халақит бераётган ҳолатлар нималардан иборат?
Навоий шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамкорлигидаги пресс-тур айни саволларга жавоб олиш мақсадида ташкил этилди.
Марказий ва маҳаллий ОАВ вакиллари дастлаб “Navpromlitmash” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти билан танишдилар. Мазкур корхонада яқин-яқинларгача валюта эвазига четдан келтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилар эди.
— Биз бу маҳсулотларни «Навоий кон-металлургия комбинати», «Навоий азот», «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ каби корхоналарга етказиб берамиз, — дейди корхона раҳбари Иброҳим Файзиев. — 2022 йилдан маҳсулотларимизни экспорт қилишни режалаштирганмиз. Бу борада Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри тадбиркорлари билан музокаралар олиб бордик. Россиялик ҳамкорларимиз бизга металл листлар етказиб бериши, биз эса уларни тайёр маҳсулотлар билан таъминлашга келишиб олдик.
Мутахассислиги энергетик бўлган Иброҳим Файзиев ўз корхонасини замонавий технологиялар асосида жиҳозлашга эътибор қаратиб, саноат ва автотранспорт соҳаси учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг Ўзбекистонда ягона синов лабораториясини ишга туширмоқда. Март ойидан корхонада механика цехи ҳам фаолият кўрсата бошлайди. Натижада Навоий ва мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларидаги йирик саноат қувватлари, жумладан, «Максам-Чирчиқ» корхонаси учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилади.
ОАВ вакиллари навбатдаги манзил - “Thermo install” МЧЖ фаолияти билан танишдилар. 2019 йилда ташкил этилган корхонада асосан истеъмол бозорида талаб юқори бўлган замонавий иситиш қозонлари ҳамда бино ва хонадонларни иситиш радиаторлари ишлаб чиқарилади. Корхона ўз фаолияти билан 120 нафар навоийлик ёшларнинг бандлигини таъминлаб, йилига ўрта ҳисобда 22 минг дона маҳсулотни ташқи ва ички бозорга чиқаради. Яқин кунларда яна тўрт турдаги маҳсулотнинг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
— Бизда иш ҳақи ходимнинг иш унумдорлигига қараб белгиланган, — дейди корхона ишчиси Лазиз Бобоқулов. — Беш миллион сўмдан кам иш ҳақи олган ишчи ишламабди, деб ҳисобланади. Умумий кўрсаткичга қараб иш ҳақи ошиб бораверади.
Лойиҳа қиймати 17 миллион АҚШ долларига тенг “TIANCH ENG STONE” МЧЖ хорижий корхонасига эса 2021 йилда асос солинган. Корхона цехларида гранит тошларига ишлов берилиб, пардозбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотлар ички бозордан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Чунончи, 2021 йилда экспорт ҳажми 3 миллион 896 минг АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг дастлабки ойида бу кўрсаткич 575минг АҚШ долларига тенг бўлди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг