Навоийда Lacetti ва Nexia тўқнашуви натижасида икки киши, жумладан 1 ёшли чақалоқ ҳам вафот этди

15:24 10 Февраль 2020 Жамият
1022 0

Навоийда икки автомобил тўқнашиб кетиши оқибатида икки киши вафот этди. Уларнинг бири энди бир ёшга тўлган чақалоқ эди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

2020 йилнинг 9 февраль куни тахминан соат 01:50ларда 24 ёшли Р.Н. “Lacetti” русумли автомашинасини Конимех тумани ҳудудидан ўтувчи А-379 “Зарафшон-Навоий” автомобиль йўли бўйлаб бошқариб бориб, мазкур йўлнинг 154 км.да белгиланган тезликни оширган ҳолда ҳаракатланиб келаётган вақтида, бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши ҳаракат йўналишига чиқиб кетган ва 23 ёшли Н.Ж. нинг бошқарувида бўлган “Nexia” русумли автомашинаси билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Натижада “Nexia” русумли автомашина ҳайдовчиси Н.Ж. воқеа жойида ва автомашина йўловчиси 1 ёшли чақалоқ А.Ш. Зарафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Конимех тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер