Навоийда Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот семинари ўтказилди

18:33 18 Октябр 2023 Жамият
506 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 11 октябрдаги навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда маъқулланган эди. Ушбу Қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексига ҳамда 7та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, шу асосда навбатдаги сайловларни илк маротаба можаритар-пропорционал(аралаш) сайлов тизими асосида ўтказилиши назарда тутилган.

Мазкур муҳим қонун лойиҳасига кўра киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар нималардан иборат, улар жамиятнинг янада демократлашуви, сайлов жараёнларининг шаффофлиги ва электоратнинг фаоллиги ҳамда сиёсий партиялар ўртасида рақобатни таъминлашда қандай аҳамият касб этади?

Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси ҳамда Адлия вазирлиги вакилларидан иборат Тарғибот гуруҳининг Навоий вилоятида ўтказган “Сайлов органлари тизими такомиллаштирилишининг ўзига хослиги” мавзусидаги семинарида ушбу қонун лойиҳаси ҳамда унинг мазмун моҳияти бўйича иштирокчиларга атрофлича тушунча берилди.

Қонун лойиҳаси юзасидан Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафаев ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Инна Коржикова маъруза қилиб, сўнгги йилларда жамиятимизда одамларнинг онги, тафаккурида кузатилаётган ўзгаришга монанд равишда қонунчиликка ўзгартириш киритилишига эҳтиёж юзага келгани, хусусан, парламентга, депутатга, сиёсий партияларга бўлган қараш ва талаблар ҳам ўзгаргани мазкур Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга бош сабаб эканлигини таъкидладилар.

Шунингдек, мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси пропорционал ва можаритар сайлов тизимларининг кучли жиҳатларини ўзида мужассамлаштиргани, халқимизнинг давлат ва бошқарувида иштирок этишдек устувор ҳуқуқидан фойдаланиши учун янги имкониятлар тақдим этишига алоҳида эътибор қаратилиб, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ҳамда Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчаларнинг нималардан иборатлигига иштирокчилар эътиборини жалб этишди.

— Сайловларнинг мажоритар ва пропорционал тизимини назарда тутувчи қоидалар Сайлов кодексига киритилмоқда, — дея таъкидлади Ш. Бафаев, — Жумладан, сайлов округлари етмиш бешта ҳудудий бир мандатли ҳамда ягона сайлов округига бўлинмоқда. Бунда партия рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайловни ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади. Яъни, Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати амалдагидек мажоритар тизим асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари эса партия рўйхат бўйича янги таклиф этилаётган пропорционал тизим асосида ягона сайлов округидан сайланишади.

Семинарда иштирок этган халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари ҳамда педагог илмий ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб ҳамда ушбу Конституциявий Қонун лойиҳасини кенг тарғиб этиш юзасидан тавсиялар олишди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер