Навоийда беш кунлик медиа форум ўз ишини бошлади
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва «Навоий кон металлургия комбинати» АЖ ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур медиа форум «Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик» мавзусига бағишланган. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан ОАВ вакиллари, блогерлар иштирок этмоқда.
Анжуман доирасида иштирокчилар «Босма оммавий ахборот воситалари: бугунги аҳвол ва истиқболдаги режалар», «Журналистлар фаолиятини қўллаб-қувватлашда Самарқанд тажрибаси», «Оммавий ахборот воситалари қонунчилигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадамлар», «Ўзбек матбуоти Янги Ўзбекистон даврида», «Журналистлар фаолиятини қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси» каби мавзуларда таниқли журналист ва соҳа тадқиқотчиларининг маърузаларини тинглаб, маҳорат дарсларидан баҳраманд бўлишади.

— Шунингдек, ҳар бир иштирокчи (улар 85 киши) «Металлург» профилакторий-санаторийсида бепул соғломлаштириш муолажаларини олади, — дейди «Навоий кон металлургия комбинати» АЖнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Холмамат Раупов. — Бундан ташқари медиа форум иштирокчилари учун акциядорлик жамиятимизнинг ишлаб чиқариш тизимлари ҳамда вилоятнинг зиёратгоҳ ҳудудларига саёҳатлар уюштириш режалаштирилган.
Анжуманнинг дастлабки кун муолажаларидан сўнг иштирокчилар «Навоий кон металлургия комбинати» АЖнинг «Фарҳод» маданият саройидаги «НКМК тарихи музейи» экспонатлари билан танишди.

— Ушбу музейдан нафақат кончилик, балки миллион-миллион йиллик тарихга эга археологик топилмалар ҳам ўрин олган, — дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев. — Бу ердаги ҳар бир экспонат халқимизнинг Қизилқум кенгликларидаги мисли кўрилмаган матонатидан ҳикоя қилади.
Куннинг иккинчи ярмида медиа форум иштирокчилари Карманадаги Қосим шайх Азизон ва Мавлоно Ориф Деггароний қадамжоларини зиёрат қилдилар.
Беш кунлик медиа форум эртага ўз ишини давом эттиради.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг