Навоийда 3 миллион 662 минг 400 м /куб газ тежаб қолинади

17:46 12 Сентябр 2023 Жамият
343 0

Фото: “Халқ сўзи”

Юртимиз олтин куз ҳукм сурмоқда. Барча тизим ва тармоқларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик қизғин паллага кирди. “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали жамоаси ҳам тақсимлаш пунктлари ва қувурларининг соз ҳолатда бўлиши ва қишнинг изғиринли кунларида табиий газ таъминотида муаммо юзага келмаслигини таъминлаш мақсадида кузнинг иссиқ-илиқ кунларидан унумли фойдаланишмоқда.

Филиал томонидан ташкил этилган пресс-турда республика нашрларининг вилоятдаги мухбирлари, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар Кармана туманидаги “Дўстлик” МФЙ ҳамда Қизилтепа туманининг “Маликобод” МФЙ ҳудудларида бунёд этилаётган янги Ўзбекистон массивларида газлаштириш жараёнлари билан яқиндан танишишди.

Ушбу массивларни газлаштириш учун “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали томонидан жами 4 километрлик газ тармоғи тортилиб, “Дўстлик” МФЙ ҳудудида 18 та кўп қаватли уйларнинг 420 хонадони ва Қизилтепа тумани Маликобод МФЙ ҳудудида эса 8 та кўп қаватли уйларнинг 200 хонадони ҳамда бир қатор ижтимоий соҳа объектлари бир маромдаги табиий газ билан таъминланган.

— Бундан ташқари Навоий шаҳридаги 3 та 16 қаватли уй-жойларни газлаштириш мақсадида 4,4 километр, ташқи газ тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилди, — дейди филиал бош муҳандиси Баҳриддин Худоёров. – Шунингдек, жорий йилда вилоятда 13 та кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил этиш белгиланган бўлиб, ушбу объектларни газлаштириш лойиҳалари асосида шу кунга қадар уларнинг 4 тасига ташқи табиий газ тармоқлари тортилди.

Пресс-тур иштирокчилари аҳоли хонадонларида энергия тежамкор газ ускуналарини ўрнатиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан маҳаллалар мисолида таништирилди.

Таъкидланишича, эски горелкаларнинг ойлик газ сарфи 650 куб метрни ташкил этиб, бу янги автоматлаштирилган энергия тежамкор газ ёндиргичларга нисбатан 310 куб метр кўп демакдир. Энг муҳими, мазкур мослама аҳолига ҳар ой қарийб бир баравар газ тежаш билан бирга, истеъмолчи уйда бўлмаган пайтлар газ ўчиб қолса, газ таъминотидан узишни автоматик равишда амалга оширади.

— Филиалимиз томонидан режадаги 15 минг 260 дона ностандарт газ жиҳозларини энерготежамкор газ жиҳозларга алмаштириш 3 миллион 662 минг 400 метр куб газ тежалишини таъминлайди, — дейди “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали матбуот хизмати раҳбари Зулфия Бобоева. — Яна бир муҳим жиҳати шундаки, тежалган газ, табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларга таъминотни яхшилашга йўналтириш имконияти яратади.

Пресс-тур якунида журналист ва ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда таъкидланишича, жорий қиш мавсумга тайёргарлик кўриш жараёнларида вилоят бўйича 5 дона газ тақсимлаш пунктлари капитал таъмирланган, 74,2 километр газ қувурлари босим остида зичлик шароитида синалиб, ҳаво босими ёрдамида тозаланган. 124,7 километр газ қувурларида эса эстетик жиҳатдан тартибга келтирилиб, бўёқдан чиқарилган. Шунингдек, 177,2 километр ер ости газ қувурлари прибор усули билан текширилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олишди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер