Навоий вилоятида трансформаторлар янгилангани самаралари сезиляпти

16:43 13 Ноябрь 2023 Жамият
259 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ўтган ҳафтадан юртимизда ҳаво ҳарорати совиб, Навоий вилоятининг шимолий ҳудудларида, ҳатто нолдан пастга тушди. Табиийки, энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ортган бўлсада, мутасаддилар берган маълумотларга кўра, электр энергияси етказиб беришда зўриқиш ҳолатлари кузатилмаган.

— Вилоятимизда барча турдаги истеъмолчиларга электр энергияси 3640 дона ҳар хил турдаги трансформаторлар орқали етказиб берилади, — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали директорининг капитал қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Дилшод Исроилов. — Мавсумга тайёргарлик жараёнларида мазкур трансформаторларнинг 162 тасини қуввати юқорироқларига алмаштириш чоралари белгиланиб, бугунги кун ҳолати билан уларнинг 133 таси янгиланди. Шунингдек, дастурга кўра 357 дона трансформатор мукаммал таъмирдан чиқарилиб, 909 дона трансформаторда жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Вилоятнинг Навбаҳор тумани электр энергияси таъминотида оғир ҳудудлардан. Ўтган мавсум таҳлиллари асосида туманининг Совунгар, Арабсарой, Қизилой маҳаллаларидаги бешта ҳудудда ҳар бирининг қуввати 160 кВА бўлган 5 дона (комплект) трансформатор пункти ўрнатилиб, эски ёғоч устунлар ўрнига темир бетон таянчлари тикланиши баробарида СИП кабеллари тортилди. Айни кунларда туманнинг яна 7 та ҳудудида электр тармоқларини янгидан қуриш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Чунончи, биргина Тошрабод маҳалласида эски ёғоч устунлар ўрнига 133 дона янгидан темир бетон таянчлар тикланиб, лойиҳа доирасида 4 километрдан зиёд СИП кабеллари тортилмоқда.

— Мазкур юмушларнинг якуни билан вилоятимиздаги барча трансформаторлар истеъмолчилар эҳтиёжини тўлиқ кўтариш қувватига эга бўлади, — дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Навоий ҳудудий филиали матбуот котиби Бақитбек Қизилбоев. — Буни реконструкция ишлари амалга оширилган ҳудудлардаги истеъмолчиларимиз ҳозирданоқ ҳис этишмоқда.

— Очиғи, ёз ойларида тез-тез узилишлар бўлганида хавотирга тушган эдик, дейди Нурота туманининг Эшони Судур маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Саттор Ғаффоров. — Мана трансформаторимиз янгилаганидан буён, кўз тегмасин, айтарлик узилишлар бўлгани йўқ.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, электр энергиясидаги барқарорлик бевосита трансформаторлар қуввати билан боғлиқ. Боиси камқувват мосламалар мавжуд энергияни борича етказиб беролмаслиги аксарият узилишларнинг, таъминот беқарорлигининг омили бўларкан.   Энергетиклар эса буни беш кишига бир ликопчада таом тортиқ қилишга ўхшатишади. Албатта, мавсум эндигина бошланди, чора-тадбирлар қанчалик самара беришини эса вақт кўрсатади.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер