Навоий вилоятида ўқитувчилар қурултойи бўлиб ўтди
Фото: "Халқ сўзи"
Унинг доирасидаги учрашувларда бошланғич таълим, аниқ фанлар, табиий фанлар, она тили ва адабиёт йўналишлари бўйича фанлар кесимида 300 нафардан ортиқ ўқитувчи ва устозлар иштирок этишди.
Тадбир доирасида ташкил этилган шўбаларда соҳа фидойилари ўзаро тажриба алмашишиб, мактабгача ва мактаб таълимининг бугунги кундаги долзарб масалалари юзасидан ўз муносабатларини билдирдилар. Тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди.

— Мазкур қурултой биз учун ҳисобот минбари бўлиб қолмасдан, мактабгача ва мактаб таълимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, педагоглар салоҳиятини ошириш, мактабларда замонавий методикалар асосида таълим ва тарбияни ташкил этиш бўйича энг илғор тажрибаларни оммалаштириш майдончасидир, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқарма бошлиғи Раъно Ҳайитова. — Албатта, бу шарафли касб эгаларидан ўз устида тизимли ишлаш, миллат эртаси учун жон куйдириш, мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини чуқур англашни талаб этади. Шундагина ҳар бир ўқитувчи жамиятда чин маънода мавқега эга бўлиб, янги Ренессанс пойдеворининг бунёдкори бўлади.
Қурултойда вилоятда соҳа ходимларининг яқин истиқболдаги вазифалари ҳамда ечимини кутаётган бир қатор муаммолар муҳокама этилди. Чунончи, 2024 йил бошидан вилоятдаги 40 та мактабда иккинчи хорижий тил ва касбга ўргатиш тизими йўлга қўйиш (ҳозирда 5 та мактабда), кадрлар етишмайдиган Конимех туманида 8 та, Хатирчи ва Учқудуқ туманларида 7 тадан, Томди туманидаги 5 та, Нурота туманидаги 2 та мактаблар учун давлат комиссиясига мурожаат қилиш орқали мақсадли давлат буюртмасига таклифлар киритиш шулар жумласидан.

Шунингдек, ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган мактабларга вилоятдаги илғор тажрибага эга бўлган мактаб жамоалари методик ёрдам кўрсатиш мақсадида бириктириш, ўқувчи ёшларни турли маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлигини самарали йўлга қўйиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Тадбир якунида бир гуруҳ фаол, ташаббускор, фидойи ўқитувчиларга “Халқ таълими аълочиси”, шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ташаккурномаси ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари топширилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг