Навоий вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг янги тизими ва тиббий суғурта механизмлари муҳокама қилинди

20:31 13 Март 2026 Сиёсат
528 0

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида Навоий вилоятида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизими жорий этилиши ҳолати, жумладан тиббиёт муассасаларини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали молиялаштириш тартибини жорий этиш ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Навоий вилоятида 2025 йил 1 июлдан бошлаб давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бошланган.

Маълумотларга кўра 2025 йилда 61 та давлат тиббиёт муассасаси билан 1,4 трлн сўм қийматидаги тиббий хизматлар хариди бўйича шартномалар тузилган. Мазкур шартномаларга асосан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари бириктирилган аҳоли сони ва таркибига кўра «аҳоли жон бошига», шифохоналар эса бажарилган иш ҳажмига асосан «ҳар бир даволанган ҳолат» тўлов усуллари бўйича молиялаштирилиб берилган.

Реимбурсация дастури асосида ҳисобот даврида 142 минг беморга дорихоналардан бепул берилган 28 турдаги дори воситаларининг қийматини қоплаш учун 4,2 млрд сўм дорихоналарга тўлаб берилган.

Аҳолининг 95,0 фоизи оилавий поликлиникалар кесимида ДМEД ахборот тизими орқали бириктирилди ҳамда оилавий поликлиника ва фуқаро ўртасида шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш бошланган.

Кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиш учун аҳоли оилавий шифокорга мурожаат қилиши лозим. Даволаш ва ташхислаш стандартларига мувофиқ тор соҳа шифокорларига ва зарур ҳолларда шифохоналарга йўлланмалар бериш йўлга қўйилган.

Кундузги шифохоналардаги ўринлар сони 14 фоизга оширилиб, ушбу ўринларда даволанган беморлар сони 30 фоизга кўпайган.

Қўмита мажлисида Навоий вилоятида аҳолининг кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматлардан бепул фойдаланиши, тиббий кўриклардан ўтказилиши, зарур ҳолларда шифохоналарга электрон йўлланма олиши ва йўлланма асосида тор соҳа шифокори томонидан кўрикдан ўтказилиши йўлга қўйилганлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.

Шу билан бирга, сенаторлар қайд этишича, аҳоли дори воситалари электрон рецепт асосида кафолатланган пакет доирасида беморларга дорихоналар томонидан бепул берилишидан, кафолатланган тиббий хизмат пакетидан фойдаланиш тартибидан етарли даражада хабардор эмас, натижада беморлар стационар муассасаларга тегишли йўлланмасиз мурожаат қилишда давом этмоқда.

Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий бригада аъзоларининг тушунтириш-тарғибот ишлари етарли бўлмаганлиги натижасида онкогематологик касалликлар, кўкрак бези ҳамда бачадон бўйни саратонини эрта аниқлашга қаратилган текширувлар белгиланган муддатларда ўтказилмаяпти.

Мажлисда шифокорларнинг электрон ахборот тизими билан ишлаш бўйича малака ва амалий кўникмаларини ошириш, бирламчи тиббиёт муассасалари ходимлари, патронаж ҳамширалар томонидан аҳолига тиббий суғурта тизимининг афзалликлари ҳақида тушунтириш-тарғибот ишларини мунтазам равишда олиб бориш зарурлиги бўйича тавсиялар берилди.

Мажлис якунида тиббий суғурта тизимини жорий этишни такомиллаштиришга қаратилган Қўмита қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер