Навоий вилоятида 50 нафар тадбиркор муаммоларига ечим топилди
Тадбиркорлик равнақи ҳар бир мамлакат иқтисодиётида самарадорлик гарови бўлиши билан бирга, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлаш ҳамда ҳудудларда ижтимоий муҳит барқарорлиги омили ҳамдир. Шу боис Навоий вилоятида ҳам иккинчи сектор раҳбари, вилоят прокурори томонидан тадбиркорлар билан ишлашда уларни ташвишга солаётган муаммоларни бартараф этиш, бизнес доираси вакиллари учун яратилган енгилликлардан бохабар қилиш ҳамда уларни қўллашда амалий ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сектор раҳбарининг Навоий шаҳридаги лойиҳа қиймати 15,5 миллион доллар бўлган, йилига ўртача 10 минг тонна гидроксипропилмелит-целлюлоза ишлаб чиқариш қувватига эга “CHEMISTRY INTERNATIONAL” МЧЖ қўшма корхонасидаги мулоқоти шулардан бири бўлиб, унда корхонадаги қурилиш ва технологик ускуналарни ўрнатиш ишларини ўз муддатларида ишга тушириш ва бунга халал бераётган масалалар кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, мазкур корхонанинг ишга туширилиши, ноёб хомашёни маҳаллийлаштириш билан бирга, 150 та иш ўрни яратилиши билан ҳам аҳамиятли. Ишга туширилиши билан 85 та янги иш ўрни яратиладиган “JV CONTINAZ” МЧЖнинг лойиҳа қиймати эса 15,4 миллион долларни ташкил этиб, корхонада йилига 1500 тонна карбамидоформалдегид концентрати ишлаб чиқарилади. Ҳудуддаги учинчи лойиҳа орқали эса 116 та янги иш ўрни яратиш мўлжалланган ва уни 9,1 миллион доллар эвазига “PETRAWOOL” МЧЖ қўшма корхонаси барпо этмоқда. Мазкур корхона ишга туширилгач, йилига 40 минг тонна базальт тошларидан минерал плиталар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.
— Ушбу лойиҳа доирасида корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 20 фоизи экспортга йўналтирилади, — дейди Навоий шаҳар инвестиция ва ташқи савдо бўлими бошлиғи ўринбосари Жонибек Норбўтаев. — Бундан ташқари Давлат инвестицион дастури доирасида шаҳримизда умумий қиймати 64,1 миллион долларлик иккита лойиҳа амалга оширилиб, унинг доирасида 40 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилади. Шунингдек, умумий қиймати 1,7 триллион сўмлик 97 та лойиҳа асосида 1248 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Инвестицион лойиҳалар билан танишувдан сўнг сектор раҳбарининг ўз ишлаб чиқаришида муаммоларга дуч келаётган тадбиркорлар билан мулоқоти ташкил этилди. Унда 50 нафардан зиёд тадбиркор иштирок этиб, 6 та кредит, 4 та кадастр, 3 та ер ва бўш турган бино ажратиш, 2 та электр-газ тармоғига уланиш каби масалаларда ўзлари рўбарў бўлаётган муаммоларга ечим топдилар.
— Кармана туманидаги Талқоқ маҳалласида пишириқ ва қандолатчилик цехимиз бор, — дейди тадбиркор Умида Ғуломова. — Йигирма уч нафар “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларни иш билан таъминлаганмиз. Цехимиз фаолияти табиий газ таъминоти билан боғлиқ бўлгани учун, газ таъминотидаги муаммо сабаб ушбу сайёр қабулга келиб, унинг ижобий ечимига эришдик.
Мулоқотда вилоят прокуратурасида тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ечишга қаратилган инвестиция, солиқ, кадастр, қурилиш бошқармалари, марказий банк ҳамда тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларидан иборат таркибда махсус штаб ташкил этилиб, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида тушунчалар берилди. Шунингдек, учрашувда Республикамиз Президентининг жорий йил 23 январдаги “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, юқори рейтингга эришиш натижасида бериладиган имтиёзлар тушунтирилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг