Навоий ва онам (эссе)
Илк бор Навоийни онам тилидан англаганман. «Хамса» байтларини юрак шевасига айлантирган волидам бизга болаликдан дунёни равшанроқ, тафаккур ила кўрсатишга уринди. Ҳар биримизга адабиётни севган одамдан ёмонлик чиқмаслиги, у эса кўп сўзлаш эмас кўп ўқиб мулоҳаза қилмоқ эканлигини уқтирди. Бугун фарзандлар илм йўлидан кетдик, ҳазрат Алишер ҳикматларига юкиндик.
Ёдимда, акам илк бор олий таълим муассасаси имтиҳонларидан йиқилиб маъюс тортганларида, онам дастлабки сўзини Навоий байтидан бошлаган:
"Уруғ ерга тушиб чечак бўлди
Қурт жондан кечиб ипак бўлди
Лола тухмича ғайратинг йўқму?!
Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?!
Болам, ҳазратимиз уруғ ерга тушгач чечак бўлганлиги ва бизнинг ҳам шундай ғайратли бўлишимиз кераклигини таъкидлаяптилар. Шунинг учун ўксинма, ҳимматли бўл, Оллоҳ оёқларимдан айирди, дема балки қанот ато этаётгандир!"
Биз шу овозда дунёни тингладик. Сабр, ғайрат, саховату ҳимматни, чарх гўзаллигию, тафаккур дурдоналарини мана шу сас орқали янграётган Навоийдан ўргандик. Унинг битикларида ҳаёт харитаси бор эди гўё. Қай манзилимиз ботқоқ, қай бири эса қуёшли, қай томон юрсак йўлларимиз нурафшон...
Онам айтганларидек, ул зот орқали яратганнинг неъматларига шукр дедик, чин эътиқоду сабру қаноатни ўргандик. Зеро, Мир Алишер бобомиз Тангри ҳимматининг чексизлиги ифодаси сифатида бир ғазалида шундай дейди:
Бўлмағай эрди муяссар, «Хамса» яъни панжи ганж
Қилмаса эрди мадад ҳолимға беш олти або.
Ёки яна бир ғазалида бошимизга неки келса тақдирдан, биз эса уни хоҳ ғазаб, хоҳ иноят билиб қабул қилишимиз мумкинлигини ва сўнгги хулоса ўзимиздан эканлигини айтади:
Не келса чархдин, ич бидаким, тафовути йўқ
Агар иноят этарсен анга, йўқ эрса ғазаб.
Ватан дарди ва юрт ишқини, илмсизлик азобию, билим марваридларини Навоий шаклида ҳис қиламиз.
Бугун дилимга 300га яқин ғазални туйдим. Уларни волидам шарофати билан ҳаётга татбиқ этмоқликни ўргандим.
Ҳамонки, Навоий дейилганда унинг «Гули Раъно»си отлиқ онам кўз олдимда гавдаланади. Ул исм шарофати ила ҳазрат қалбимда барҳаётдир.
Эъзоза Умурзоқова
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг