“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Лондон олтин қуйилмалари бозори ассоциацияси махсус сертификатига эга бўлди

18:26 03 Июль 2023 Жамият
554 0

Фото: “Халқ сўзи”

Акциядорлик жамиятига Лондон олтин қуймалари бозори ассоциацияси (LBMA – Лондон Bullion Market Association) томонидан бозор талабларига тўла риоя қилиш борасида навбатдаги тест синовларидан муваффақиятли ўтганлигини тасдиқловчи сертификат тақдим этилди.

Таъкидлаш жоизки, Лондон олтин қуймалари бозори ассоциацияси дунёда аффинаж қилинган олтин ишлаб чиқарувчи ташкилотлар маҳсулоти сифатини назорат қилувчи нуфузли ташкилотдир. НКМК 1996 йилдан буён мазкур ассоциацияда олтин аффинаж қилувчи ташкилотларнинг “Ишончли маҳсулот” ишлаб чиқарувчилар рўйхати аъзоси ҳисобланади. Шу асосда корхона маҳсулоти ҳар уч йилда бир марта тест синовларидан ўтказиб келинади. Синовларда бу гал ҳам муваффақиятли натижа қайд этилди.

Шунингдек, аудит, солиққа тортиш, консалтинг ва корпоратив молия соҳасида хизматлар кўрсатувчи “Deloitte&Touche” халқаро компанияси томонидан 2022 йил якунларига кўра, НКМК молия-хўжалик фаолиятини сифатли олиб борганлиги учун сертификат тақдим этилди.

Бунгача корхона жамоаси бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар эътирофига сазовор бўлган. Хусусан, 1998 йилдан олтин қуйилмалари Токио хомашё биржаси (ТОКОМ) томонидан қўйилган талабларга тўла жавоб бера олиши туфайли ТОКОМ сертификатини қўлга киритди. 2017 йили эса Европа сифат тадқиқотлари жамиятининг “Маҳсулот сифати муқобиллигини бошқариш йўналишида эришилган муваффақиятлари ва маҳсулот сифати назоратини олий даражада ташкил этиш” йўналишида ғолиб бўлган эди.

Темур ЭШБОЕВ,“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер