Навоий – барҳаёт сиймо
Фото: Халқ сўзи
Гулистон шаҳрининг қоқ марказида улуғ аждодимиз, буюк мутафаккир Низомиддин Мир Алишер Навоийнинг ҳайкали бор. Ҳайкал атроф-жавонибидаги манзил «Алишер Навоий номидаги билимдонлар маскани» деб аталади.Сўнгги йилларда бунёд этилган ушбу гўзал гўша бугунги кунда маҳаллий аҳоли ва меҳмонларнинг энг севимли жойига айланган.
Ёғочдан қурилган ўзбекона айвонлари, ҳамиша саришта ҳовлиси, гулзорлар майдонга ажиб бир нафосат бахш этиб туради. Ва ўз навбатида улуғ шоиримиз номига мутаносиб равишда ушбу майдон санъат, адабиёт ва маданий-маърифий тадбирлар, тантаналар маркази ҳам саналади. Мана, бир неча йилдирки, унинг саҳнида тез-тез шеърхонлик, мақом концертлари ўтказиб турилиши одат тусига кирди.

Бугун Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига бағишланган тантаналар ҳам айни маскандан бошланди. Қатор ташкилот, идоралар жамоалари, таълим муассасалари, ижод аҳли, аҳоли вакиллари, ёшлар иштирокида ўтган тадбирда улуғ шоиримиз сиймоси пойига гуллар қўйилиб, ҳазрат Алишер Навоий хотирасига эҳтиром кўрсатилди.

Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган асосий тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев беназир шоирнинг бой ва серқирра ижодий мероси, ибратли ҳаёт йўли ҳақида тўхталиб, асарларида улуғланган эзгу ғоялар халқимиз, ёш авлод тарбиясида катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Тантанали тадбирнинг адабий-бадиий қисмида театр жамоаси томонидан «Лисон-ут тайр» асари асосида саҳналаштирилган «Қуш тили» спектакли намойиши бўлиб ўтди.
— Навоийнинг беназир шахсияти, бебаҳо адабий мероси ва фаол ижтимоий салоҳияти биз, ёшлар учун ибрат мактабидир, — дейди Гулистон давлат университети филология факультети талабаси Муслима Рисқулова. — Бу йил мен Алишер Навоий номидаги давлат стипендиясига муносиб топилдим. Бу имконият, бу эътибор бунданда аъло ўқиш, тинмай интилиб, изланиш масъулиятини оширди. Бугун ҳазрат Навоий таваллудига бағишлаб ўтказилаётган тадбирларда тенгдошларимнинг фаоллигини кўриб, шоир ижоди ва ҳаёти ҳақида теран фикрларини тинглаб, илм йўлини танлаган ёшларимиз сафи кенг эканига ишончим ортди. Зотан, Навоий ёзганидек, Йигитликда йиғ илмнинг маҳзани,
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг