Навбатдаги чора-тадбирлар: Солиқ маслаҳатчиларининг ваколатлари кенгайди
Солиқ маслаҳати хизматлар соҳасидаги янги ва муҳим йўналишлардан бири бўлиб, бугунги кунда мамлакатимиз солиқ тизимида унинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Зеро, солиқ маслаҳатининг ривожланиб бориши келгусида солиқ хизматига келадиган тўловларни янада оптималлаштириш имкониятини яратади.
Солиқ маслаҳати деганда солиқлар ва солиққа тортиш масалалари юзасидан кўрсатиладиган профессионал юридик хизматлар мажмуи тушунилиб, уларнинг асосий мақсади ташкилот томонидан солиқ тўловларининг амалга оширилишини ўрганиш ва бирламчи ҳужжатларнинг зарур даражадаги сифатини таъминлашдан иборатдир.
Хорижий давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда солиқ маслаҳати хизматлари кўрсатадиган консалтинг компаниялари ўз мижозларининг доимий ҳамроҳларига айланиб бормоқда. Мамлакатимизда эса солиқ маслаҳати хизматлари Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг ривожлана бошлади.
Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ўз вақтида қабул қилингани билан ғоят аҳамиятлидир.
Инчунун, мазкур қарор билан солиқ маслаҳатчилари ташкилотларига давлат солиқ ва божхона хизмати органлари билан муносабатларда солиқ тўловчининг манфаатларини ифодалаш, давлат солиқ хизмати органларининг талабномаларида кўрсатилган, аниқланган тафовутларнинг асосномаси сифатида хулосаларни солиқ тўловчи номидан давлат солиқ хизмати органига тақдим этиш бўйича қўшимча ҳуқуқлар берилди.
2021 йил 1 январдан бошлаб эса Молия вазирлигининг солиқ маслаҳатчисининг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказиш, солиқ маслаҳатчиларини ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини тасдиқлаш ҳамда солиқ маслаҳатчиларининг реестрини юритиш каби бир қатор функциялари Ўзбекистон Солиқ маслаҳатчилари палатасига ўтказилади.
Молия вазирлиги ўз навбатида, солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш курсларини, шу жумладан, масофадан ўқитиш шаклида ташкил этиш, шунингдек, солиқ маслаҳатчиларининг малака имтиҳонларини тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашади. Идоранинг расмий сайтида солиқ маслаҳатчилари реестри жойлаштирилади ва мунтазам равишда янгилаб борилади.
Қарорда белгилаб қўйилганидек, солиқ маслаҳатчиси адвокатлик тузилмалари, аудиторлик ташкилотлари, шунингдек, бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматларни кўрсатувчи бошқа юридик шахсларнинг штатида меҳнат фаолиятини олиб борган тақдирда, солиқ маслаҳати бўйича фаолиятда уч йил мобайнида иштирок этмаганлиги учун унинг малака сертификати амал қилишини тугатишга йўл қўйилмайди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу ҳужжат билан солиқ маслаҳатчиларига судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларида солиқ солиш, солиқ органларининг ҳужжатлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ва (ёки) ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда ҳисоблаш техникаси ва алоқа воситалари, аудио ва видео ёзиш қурилмаларидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам берилди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига асосан Молия вазирлигига 2021 йил 1 апрелга қадар “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини янги таҳрирда ишлаб чиқиш вазифаси ҳам юклатилдики, бу ўз навбатида, солиқ маслаҳати соҳасини ўзини ўзи бошқаришнинг асосий қоидаларини белгилайди ва самарали фаолият кўрсатадиган солиқ маслаҳатчилари институтини шакллантиришга имкон беради.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимизда солиқ маслаҳатини ривожлантириш ва бу борадаги хизматлар сифатини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур қарорнинг ижроси шубҳасиз, солиқ маслаҳатчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
Актам ХАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг