Навальний кома ҳолатида. Штаб Кремлдан ёрдам сўради

23:03 20 Август 2020 Дунё
1019 0

Алексей Навальний штаби сиёсатчини хориждаги шифохонага жўнатиш учун ёрдам сўраб Кремлга мурожаат қилди. Бу ҳақда «Врачлар альянси» раиси, Навальнийни даволаётган шифокор Анастасия Василева маълум қилди.

«Биз Навальнийни Европадаги етакчи токсикология марказига ўтказиш учун тиббий ҳужжат тақдим этилиши борасида кўмак сўраймиз. БСМП1 бош врачи унинг хотини, мен ва Иван Дановга йўлланма беришга рози бўлмаяпти», — деб ёзди Василева "Twitter" саҳифасида.

Навальний асос солган коррупцияга қарши кураш фонди директори Иван Дановнинг сўзларига кўра, Омскдаги шифохона шифокорлари сиёсатчини бошқа жойга кўчиришга рози бўлмаяпти.

«Шифокорлар у бошқа жойга ўтказиладиган ҳолатда эмас деган фикрда», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 20 август куни самолётда Томскдан Москвага йўл олган Навальнийнинг соғлиги ёмонлашди. Натижада самолёт Омскка қўнишга мажбур бўлди, сиёсатчи шифохонага ётқизилди. У реанимация бўлимида кома ҳолатида ётибди. Шифокорлар Навальнийнинг ҳолатини барқарор оғир деб баҳоламоқда.

Навалнийнинг штаби у заҳарланган деб ҳисобламоқда. Унинг матбуот-котиби Кира Ярмиш сиёсатчи фақат чой ичганини, чойга нимадир қўшиб, Алексейни заҳарлаган бўлишлари мумкинлигини айтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер