НАТО ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яхшилашга киришди
Архив сурат
НАТО Бош котиби ўринбосари Мирча Жоанэ альянс ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини кучайтиришини маълум қилди.
Шу йилнинг 11-12 июль кунлари Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТОнинг саммитида мудофаа соҳасида қарорлар қабул қилинади ва улар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини янги босқичга олиб чиқади. Бу ҳақда НАТО Бош котиби ўринбосари Мирча Жоанэ айтиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳаво мудофааси Шимолий Атлантика альянсининг янги кўп минтақавий режаларида муҳим ўрин тутади.
Жоанэнинг таъкидлашича, НАТО Украина можаросидан олган сабоқлари, жумладан, Россиянинг имкониятлари, Patriot ҳаво мудофаа тизимларининг самарадорлиги альянсга аъзо мамлакатларни янада кўпроқ ишлар қилишга ундамоқда.
Айни пайтда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими устида иш олиб борилмоқда, янги режаларни амалга ошиши альянснинг ҳаво мудофаасини янги даражага олиб чиқади.
Жоанэ, шунингдек, бир қатор НАТО иттифоқчилари, жумладан, Латвия, Литва ва Эстония тегишли таклифлар тайёрлаётганини қўшимча қилди.
Аввалроқ, “Reuters” агентлиги Совуқ уруш тугаганидан кейин биринчи марта НАТО Россия билан зиддият юзага келган тақдирда кенг кўламли мудофаа режасини ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.
НАТО Ҳарбий қўмитаси раҳбари Роб Бауэрнинг айтишича, альянс давлатлари Россия билан ҳар қандай вақтда можаро бошланиши мумкинлигига тайёр бўлиши керак.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг