“Настарин” ансамбли Италияга боради

10:48 06 Декабрь 2021 Жамият
1051 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона давлат университетининг санъатшунослик факультети қошида “Настарин” ансамбли ташкил этилганига унча кўп бўлгани йўқ. Аммо ижодий жамоа эришаётган ютуқлар таҳсинга лойиқ.

Факультет ўқитувчиси, тажрибали бастакор Лайлохон Турсунова ташаббуси билан тузилган ансамблга 8 нафар истеъдодли талаба-қиз жалб этилган. Жамоанинг бетакрор ижроси эндиликда нафақат университетда, балки вилоят бўйлаб санъат ихлосмандлари эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

Кинофильмлардаги ретро оҳанглар бўладими ёки баланд пардаларда куйланадиган қўшиқларми — қизлар завқ билан, юракдан ижро этадилар. Албатта, бундай умрбоқий қўшиқлар тинимсиз машқ ва машғулотлардаги сабоқлар эвазига яратилади.

2021 йилнинг эрта кўкламида опера ватани — Италияда онлайн тарзда ўказилган нуфузли халқаро кўрик-танлов жамоа учун ўзига хос синов бўлди. “Настарин”нинг чиқишини Италиядаги етук санъатшунослар киприк қоқмай кузатишди. Якунда ўнлаб давлатлардан иштирок этган қатнашчилар орасида “Настарин” вокал қизлар ансамбли ғолибларнинг ғолиби — олий ўрин соҳиби сифатида эълон қилинган эди.

Айни пайтда Италияга бориш тараддудини кўраётган жамоанинг репертуари янада дилтортар қўшиқлар бойимоқда. Жамоа раҳбари Лайлохон Турсунованинг айтишича, коронавирус пандемияси бўйича вазият ижобий томонга ўзгариши билан опера қўшиқлари, мода фестиваллари юртига ташриф буюриш режалаштирилган.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер