Насриддин Афанди Бухорода туғилганми?

16:12 01 Апрель 2024 Жамият
2251 0

Истам Иброҳимов/“Халқ сўзи”. Ҳар гал 1 апрель — ҳазил-мутойиба куни сабаб “Насриддин Афанди қаерда туғилган?” деган савол юзага қалқиб чиқади.

Бу саволга жавоб беришдан аввал айтиш керакки, Насриддин Афанди ва у билан боғлиқ латифалар нафақат юртимиз, балки Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Хитой каби давлатларда ҳам машҳур. Бинобарин, Хўжа Насриддин Афанди дейилганида миллатидан қатъий назар миллионлаб одамларнинг юзига табассум югуради. Зеро, Афандининг ҳозиржавоблиги, ўткир қочирими, кинояси, ҳазил мутойибаси оёғи ердан узилган не-не амалдорларнинг кўзини очмаган, бахилу одамийликни унутган кимсалар юзига ойна тутмаган, дейсиз. Беғараз кулгу эса буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино алоҳида таъкидлаб кетганидек, беморни ҳам батамом соғлом одам ҳолатига туширади.

Шундан ҳам Марокашнинг Работ шаҳрида бўлиб ўтган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси сессиясида Хўжа Насриддин Афанди ҳақидаги латифаларни сўзлаб бериш анъанаси ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилгани ҳам бежиз эмас.

Айрим мутахассисларнинг фикрича, латифаларни тўплаб ўрганиш, уларни китоб ҳолида жамлаш анъанаси Бухорода бошланган. Бунга мисол тариқасида Муҳаммад Авфий Бухорий фаолияти келтирилади. У 1223 йилда латифаларни тўплаб, “Жавомеъул – ҳикоёт ва лавомеъур – ривоёт” (“Ҳикоятлар тўплами ва ривоятлар зиёси”) номли китоб яратган. Лекин Насриддин Афандининг қаерда туғилгани, қай бир юртда яшаб ўтгани аниқ эмас. Латифаларнинг бош қаҳрамони у ёки бу халқ оғзаки ижоди маҳсули, десак тўғрироқ бўлар. Бошқача айтганда, ҳар бир халқнинг ўз Насриддин Афандиси бор.

— Биласиз, Бухоронинг сўлим Лаби Ҳовуз мажмуасида Хўжа Насриддин Афандига ҳайкал ўрнатилган, — дейди вилоят туризм бошқармаси масъул ходими Бобуржон Тўхсанов. — У эгнида ўзбекона яктак ва чопон, белида белбоғу бошида салла билан эшак минган ҳолда тасвирланган. Ҳайкалнинг ўрнатилганига 45 йил бўлди. Унинг муаллифи Украинада туғилиб, тақдир тақозоси билан юртимизда яшаб ўтган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Яков Шапиро саналади. Бу санъат асари шаҳримиз меҳмонлари, хорижий сайёҳларда катта қизиқиш уйғотиб келяпти. Шуларни ҳисобга олган ҳолда Бухорода ҳар йил 1 апрель — ҳазил-мутойиба куни муносабати билан “Насриддин Афанди” фестивалини ўтказиляпти.

Анъанавий тадбир одатдагидек, эски шаҳар кўчалари бўйлаб ҳаракатланган карвон юриши билан бошланди. Нодир Девонбеги мадрасасида фестивалнинг очилиш маросими ташкил этилди. Миллий куй-қўшиқлар, аскиячи ва қизиқчилар, қўғирчоқбозу илон ўйнатувчиларнинг чиқишлари, Насриддин Афанди билан боғлиқ латифаларнинг саҳна намойиши томошабинлар, жумладан, хорижий сайёҳлар кайфиятига кайфият қўшди. Байрамона тадбир “Шарқ таомлари” танловига уланиб кетди. Сайёҳлар палов, кабоб каби миллий таомларимизни тайёрлаш жараёни билан танишиб, улар ҳамда шарқона ширинликлардан тановул қилдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер