«Насаф»нинг ОФК Элит Чемпионлар Лигаси 8-турдаги рақиби ҳақида тўхталамиз

10:59 16 Февраль 2026 Спорт
365 0

16 февраль куни «Насаф» клуби ОФК Элит Чемпионлар Лигаси мусобақасининг 8-тури доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал Шаржа» жамоаси билан куч синашади.

Келинг, ушбу жамоа ҳақида қисқача тўхталамиз.

«Ал Шаржа» жамоаси 1966 йилда ташкил топган бўлиб, 60 йиллик тарихга эга. Жамоага мухлислар томонидан «The King Sharja» («Шаржа шаҳрининг қироллари») деган лақаб берилган.

Клуб ўз уй учрашувларини Шаржа шаҳридаги «Sharjah Stadium»да ўтказади. Ушбу майдон 12 мингдан зиёд мухлисни сиғдира олади.

Жамоа Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатининг 6 карра ғолиби, 10 карра Президент кубоги соҳиби ва 4 карра мамлакат Суперкубоги ғолиби ҳисобланади. Шунингдек, жамоа ўтган мавсум Осиё Чемпионлар Лигаси 2 мусобақасининг ҳам ғолибига айланган.

«Ал Шаржа» шу вақтгача Осиё футбол конфедерацияси томонидан ўтказилган расмий мусобақаларда 62 та ўйин ўтказган. Улардан 26 тасида ғалаба, 20 тасида мағлубият ва 16 тасида дуранг натижа қайд этилган.

Жамоани айни пайтда 61 ёшли Ангола мутахассиси Хосе Морайс бошқармоқда. У ўз фаолияти давомида «Интер», «Реал Мадрид», «Челси» каби клубларда ишлаган.

Мураббий «Чонбук Моторс» жамоаси билан икки карра Жанубий Корея чемпионлигини, «Ал Ҳилол» билан Саудия Арабистони Про-лигаси ғолиблигини, шунингдек 2023/24 йилги мавсумда «Сепахон» клуби билан Эрон Ҳазфи кубогини қўлга киритган.

Жамоа таркибида айни пайтда Маро Катинич, Ю Мин Чо, Леандриньо, Владимир Приёвич, Фета Фетай, Фирас Бен Ларби ва Игор Коронадо каби легионер футболчилар тўп сурмоқда.

Ушбу клуб Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари учун ҳам бегона эмас. Яқин йилларда «Ал Шаржа» жамоаси сафида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Отабек Шукуров фаолият олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит Чемпионлар Лигаси 8-туридан ўрин олган «Ал Шаржа» — «Насаф» учрашуви бугун Тошкент вақти билан соат 21:00 да старт олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер