“Нақшбанд” — ўтмиш ва бугунни бирлаштирган ҳунармандчилик маркази
Фото: “Халқ сўзи”
Ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланиб, элда катта обрў эътибор топган Акмал Муҳитдинов 2021 йилда Бухоро тумани маркази Галаосиё шаҳрида муҳташам ҳунармандчилик марказини барпо этганди.

”Нақшбанд” дея номланган ушбу маскан бир гектар майдонни эгаллаган бўлиб, ўзига хос меъморий ечимга эга.Унинг биринчи биносида тасвирий санъат музейи, сайёҳлар учун мўлжалланган меҳмонхона ва ресторан жойлашган. Бухоронинг қадимий ипак қоғози, каштачилик буюмлари ҳамда сомондан тасвирий санъат асарлари тайёрланадиган бинода эса ҳунармандлар зарур барча қулайликлар яратилган. Яна бир бинода ёғоч ўймакорлиги устахонаси жойлашган.
Марказда ўттиз нафардан зиёд ҳунарманднинг фаолият юритиши, қирқ нафар ўғил-қизнинг “Уста – шогирд” усулида ҳунармандчилик сирларини ўрганиши учун шарт-шароит мавжуд.

Туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда бу ерда яна бир лойиҳа рўёбга чиқарилди. Марказда ёшлар ижод кўчаси очилди.
— Шогирдлар ютуғи – бизнинг ютуғимиздир, —дейди яқинда ўтказилган “Bukhara Tourism Awards -2023» тақдимот маросимида соҳанинг яқин ҳамкори сифатида эътироф этилган А. Муҳиддинов. —Мақсадимиз ёшларимизни ҳунарли қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли, фойдали ўтказишларига кўмаклашишдир. Бу лойиҳани амалга оширишда давлатимиз раҳбарининг ўғил-қизлар иқтидори, салоҳиятини юзага чиқаришга оид беш муҳим ташаббуси дастуриламал вазифасини ўтади. Марказимизда маданий, маънавий-маърифий тадбирларни доимий ўтказиб бориш орқали ёш авлодни мустақил ҳаётга тайёрлаш ишига ҳисса қўшиш ниятидамиз.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг